ӮЗБЕКИСТОНДА ТОЖИКИСТОН КИНОСИ КУНЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

«Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали дастури доирасида Ӯзбекистон “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кино кунлари” ўтказилмоқда.
13 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида “Тожикистон Республикаси киноси кунлари”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда икки давлат киноижодкорлари, Тожик миллий маданият маркази ходимлари, кино мухлислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан “Тожикфильм” давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шоҳиён, Тожикистон киноижодкорлар уюшмаси раиси Сафар Ҳақдодов Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев ва бошқалар ўзбек ва тожик киноижодкорлари узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келиши, айни пайтда ҳамкорликда кино кунлари ўтказилаётгани, фильмлар суратга олинаётганини айтиб ўтишди.
-Айни пайтда Ўзбекистонда тожик, Тожикистонда ўзбек киноси кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган, – дейди Маҳмасаид Шоҳиён. – Кейинги йилларда ўзбек ҳамкасбларимиз яратган “Илҳақ”, “101-рейс” фильмларини томошабинларимиз илиқ кутиб олишди. Айни пайтда биз ҳам сўнгги пайтларда яратилган бир қатор фильмларимизни ўзбек дўстларимизга намойиш этмоқчимиз. Тез кунларда биргаликда “Жомий ва Навоий”, “Кўринмас юлдуз” қўшма фильмларини суратга олишни бошлаймиз.
-Ўзбек ва тожик киносини бемалол эгизак деб аташ мумкин, – дейди Шуҳрат Ризаев. – Чунки, Комил Ёрматов, Борис Кимёгаров сингари таниқли кино дарғалари ҳар икки мамлакат кинематографиясига муносиб ҳисса қўшишган. Ёдгор Саъдиев, Исамат Эргашев, Тўғон Режаметов сингари ўзбек актёрлари кўплаб тожик фильмларида суратга тутишган. Сайрам Исаева, Ато Муҳаммаджонов, Тоҳир Собиров сингари тожик санъаткорлари ўзбекистонлик киноижодкорлар яратган фильмларда эсда қоларли роллар ижро этишган. Бугунги кунда ҳам бу анъана давом этмоқда.
Шундан сўнг томошабинларга “Тожикфильм” ДМ томонидан суратга олинган “Йўл” бадиий фильми (режиссер: Носир Саидов) намойиш қилинди. Фильмда бугунги кундаги глобал ўзгаришлар ва миллий қадриятлар ўртасидаги мутаносибликлар, инсоний муносабатлар ва қарама-қаршиликлар ифода этилган.
Тожикистон Республикаси киноси кунлари доирасида “Овчининг сўнгги ови”, “Фаришталарнинг укаси”, “ШҲТнинг икки йили: муваффақият сари” сингари бадиий ва ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш қилинади.