Умумбашарий сиймоларга эҳтиром
Муштарак қадриятлар
УМУМБАШАРИЙ СИЙМОЛАРГА ЭҲТИРОМ
Мувароуннаҳр замини азалдан ўзининг бебаҳо қадриятлари бўлган маънавий ва моддий бойликлари билан дунё халқлари турмуш тарзига ва маданиятига ижобий таъсир кўрсатган. Бу борада дунё олимлари ҳамон бу замин аждодларига, бой маданий меросига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қарашади. Минтақанинг ҳар бир гўшасида улуғ зотларнинг қўним топган масканлари борлиги бизнинг улуғ зотлар авлоди эканлигимиздан далолат беради.
Самарқандийлардан – Имом Мотуридий Самарқандий, Абу Лайс Фақиҳ Самарқандий, Ҳаким Самарқандий, Ашраф Самарқандий, Фитрат Самарқандий, Низомий Арузий Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий, Баёзий Самарқандий, Мутрибий Самарқандий, бухороийлардан – Имом Бухорий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Убайдуллоҳ Масъуд Бухорий, Имло Бухорий, Хаёлий Бухорий, Шавкат Бухорий, Саййид Муҳаммад Бухорий, шошийлардан Бадриддин Шоший, Бадр Шоший, Қаффол Шоший, хоразмийлардан – Ал-Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, насафийлардан – Имом Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Қалонсавий Насафий, Зиёуддин Насафий, Азизиддин Насафий, Саййидо Насафий, термизийлардан – Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Адиб Собир Термизий, Абу Жаъфар Термизий, Умар Термизий, Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Хожа Самандар Термизий, Мирсафо Термизий, Мушкинқалам Термизий, Жудоий Термизий, Саййид Али Термизий (Пирбобо), Фатҳий Термизий, Кашфий Термизий, Арший Термизий каби юзлаб алломаларнинг номини тилга олиш мумкин.
Тарихда юқорида санаб ўтилган улуғ зотлар номи, нафақат, минтақамиз ичида машҳур, балки дунёнинг аксар мамлакатларида бу зотларнинг илмий-маънавий мероси яқиндан танишдир. Афсуски, биз ёшлар бугунги кунда ўзимизнинг ота-боболаримизнинг на шахсияти ва на илмий меросидан хабардормиз.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ислоҳотлар жадаллик билан амалга ошириб келинмоқда. Аждодларимиз номи билан ташкил этилган табаррук илмий-тадқиқот марказларининг айнан мақсади – буюк мутафаккир аждодларимизнинг дунё илму фан ва маданиятига қўшган улушини баҳам кўриш, дунёда авж олаётган турли ихтилофларга барҳам бериш, ёшларни илму маърифатга чорлаш, соғлом эътиқодни соф ҳолда сақлаш, инсонппарварлик, маърифатпарварлик ва ватанпарварликни кенг дунё оммасига тарғиб этишдан иборат. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий марказлари улуғ аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини фундаментал ўрганишда бугунги кунда етакчилик қилишмоқда.
2024 йил 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш” тўғрисида Ўзбекистон Републикаси Президенти қарори қабул қилинди. Ушбу қарор тарихий хотирамизни тиклаш, аждодларга бўлган юксак эҳтиромни абадийлаштириш, маънавий қадриятларимизни соф ҳолда асраб-авайлашда муҳим таянч бўлиб хизмат қилади. Унда буюк олим Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш муҳимлиги биринчи ӯринда турганлигини айтиб ўтиш лозим.
Имом Термизий қаламига мансуб «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» ва «Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш бугунги кун учун сув ва ҳаводек зарур. Ислом номидан нохолислик билан ёндашаётган ташқи кучлар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларини нотўғри талқин қилиши оқибатида юзага келмоқда. Аждодлар меросиги чуқур ӯрганиб, жаҳон ҳамжамиятига уларнинг асл моҳиятини етказиш муҳим саналади.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг октябр ойида Термиз шаҳрида «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳамда «Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун» мавзусида республика илмий-амалий конференциясини юқори савияда ўтказиш режалаштирилган.
Албатта, аждодлар меросини дунё олимлари билан биргаликда ўрганиш, нафақат халқимизга маънавий озиқа бўлади, балки шу билан биргаликда жаҳон оммаси ҳам фойдаланишга кенг имкониятлар очилади.
Каромиддин Жамаҳматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).