ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ИТАЛИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ СЕРЖО МАТТАРЕЛЛА БИЛАН МУЛОҚОТИ

23 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Италия Республикаси Президенти муҳтарам Сержо Маттарелла билан учрашди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонни расмий кутиб олиш маросими Италия Президентининг “Квиринал” қасри ёнида бўлиб ўтди.
Олий мартабали меҳмон – Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонни “Квиринал” қасри ҳовлисида Италия Республикаси Президенти самимий кутиб олди.
Тожикистон Республикаси Президенти ва Италия Республикаси Президенти гилам устига чиқдилар ва икки давлат миллий мадҳиялари янгради.
Шу аснода “Квиринал” қасри томи узра Тожикистон Республикаси Давлат байроғи кўтарилди.
Икки давлат миллий мадҳиялари янграганидан сўнг Фахрий қоровул қўмондони олий мартабали меҳмонга ҳисобот берди.
Икки давлат раҳбарларининг фахрий қоровул ёнидан ўтишлари чоғида Тожикистон Республикаси Президенти Италия Республикаси байроғи ёнида тўхтаб, унга эҳтиром бажо келтирди.
Расмий кутиб олиш маросими давлатлар раҳбарларининг икки томон расмий делегацияси билан танишуви билан якунлади.
Тожикистон ва Италия ҳамкорликлари масаласи муҳокамаси давлатлар раҳбарларининг “Квиринал” қасрида бўлиб ўтган тор доирадаги мулоқоти чоғида бошланиб, икки томон делегациялари иштирокида давом этди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Италия Республикаси Президентига расмий сафар билан ташриф буюришни таклиф қилгани ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди.
«Биз Италия Республикасини Европадаги муҳим ва ишончли ҳамкоримиз деб биламиз», — деб таъкидлади Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон суҳбат аввалида.
Томонлар музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликлар масалалари тўплами ва сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, қўшма сармоявий лойиҳаларни татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Италиянинг гидроэнергетика, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, маъдан қазиб олиш, табиий захиралардан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги бой тажрибасидан фойдаланиш томонлар учун устувор ва манфаатли йўналишлардан деб номланди.
Хусусий сектордаги ҳамкорликларни кенгайтириш учун Қўшма савдо кенгашининг таъсис этилиши ўз вақтидаги ташаббус эканлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида фуқаролар борди-келдиси йўналишидаги ҳамкорликнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво йўналишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Бу борада икки давлат раҳбарлари ушбу сафар доирасида Дипломатик паспорт эгалари учун виза режимини бекор қилиш тўғрисидаги келишувнинг имзоланганини муҳим қадам сифатида баҳоладилар.
Томонлар сайёҳлик соҳаси ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқалар ва ёшларни Италия олий ўқув муассасаларида ўқишга жалб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Икки давлат парламентлари Европа Парламенти доирасида манфаатли ҳамкорлик қилаётгани ва уни янада жонлантириш учун Тожикистон ва Италия ўртасида икки томонлама парламентлар дўстлиги гуруҳини ташкил қилиш зарур амал эканлиги айтиб ўтилди.
Учрашув жараёнида давлатларнинг БМТ, ЕХҲТ каби дунёнинг нуфузли ташкилотлари ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликлари масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида Тожикистоннинг сув ва иқлим муаммоларини ҳал қилиш, минтақавий ва халқаро хавфсизликни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича глобал ташаббуслари алоҳида таъкидланди.
Томонлар хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида терроризм, экстремизм ва уюшган трансмиллий жиноятчиликлар, жумладан, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.
Мулоқот якунида Тожикистон Республикаси Президенти Италия Республикаси Президентига расмий сафар билан Тожикистонга ташриф буюришни таклиф қилди.