Исроилда янги ҳукумат ва норозиликлар
Кеча Исроилнинг янги ҳукумати қасамёдга келтирилди. Бош вазир Беньямин Нетаньяху Вазирлар Маҳкамасининг биринчи йиғилишини ўтказиб, аъзолари билан ҳукуматнинг келгуси вазифаларини келишиб олди. Бу ҳақда ҳукуматнинг матбуот хизмати хабар берди.
Янги ҳукуматнинг илк йиғилиши ўтаётган пайтда мухолифат Тел-Авивда норозилик намойиши ўтказиб, шаҳарнинг асосий кўчасини тўсиб қўйди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” газетаси хабар берди.
Бир соат давом этган намойишда куни кеча истеъфога чиққан Яир Лапид ҳукуматида Транспорт вазири бўлиб ишлаган, «Авода» партияси етакчиси Мейрав Михаэли ҳам иштирок этгани айтилади.
Нашрнинг хабарида кўпчилик ўзи билан ЛГБТ жамиятининг байроқларини олиб келган. Ўта консерватив партиялар вакиллари янги Вазирлар Маҳкамасида қабул қилиниши режаланаётган қарорларга норозилик билдиришди.
Намойишчилар, шунингдек, янги ҳукуматнинг алоҳида вазирларига қарши шиорлар кўтариб чиқишди, уларни коррупцияда айблашди.
Исроилнинг Франциядаги элчиси Яэль Герман янги ҳукумат шакллантирилиши муносабати билан лавозимидан кетиши ҳақида қарор қилганини билдирди. Дипломат коалицион ҳукуматдаги айрим сиёсий қарашлар билан келишмаслигини маълум қилди.