Афғонистонда уюштирилган портлаш ижрочилари маълум қилинди
“Ислом давлати” террорчи ташкилот Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори-Шариф шаҳридаги маданият марказида уюштирилган портлашга жавобгар эканини маълум қилди, деб ёзмоқда Reuters агентлиги.
Ўтган шанба куни мамлакат ички ишлар вазирлиги маданият марказига ҳужум уюштирилиши натижасида қўриқчи ҳалок бўлгани ва яна саккиз киши жароҳат олганини тасдиқлаган эди. “Яраланганлар орасида беш журналист ва уч нафар бола бор”, – дейилади хабарда.
“Ислом давлати” шанба кунги Балх вилоятидаги қўпорувчилик учун жавобгарликни ўз зиммасига олади”, – дейилади экстремистларнинг интернет орқали тарқатган баёнотида.
Аввалроқ Балх вилоятида яна бир портлаш содир этилган эди, натижада вилоят губернатори билан бирга яна бир неча киши қурбон бўлганди. Ушбу теракт учун ҳам жавобгарликни “Ислом давлати” ўз зиммасига олган.