Хўжандда айрим маҳсулотлар савдоси устидан санитария-эпидемиология назорати кучайтирилди
Хўжандда чакана савдо шохобчаларига таркибида қаймоқли маҳсулотлар, сифатсиз ва ностандарт салқин ичимликлар, уй шароитида тайёрланган салатлар, санитария-эпидемиология хулосаси бўлмаган тўлдирилган ва пиширилган маҳсулотларни ноқонуний сотиш ва етказиб бериш тақиқланди. Бу ҳақда Хўжанд шаҳар давлат ҳокимияти ижроия бошқармаси хабар берди.
Бу ҳақдаги қарор ёз мавсумида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида Хўжанд шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан қабул қилинган.
Сотувчи ва тадбиркорларга керакли маълумотларни етказиш мақсадида Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбарияти томонидан қатор учрашувлар ўтказилди.
Ёз фасли кириб келиши билан ширинлик ва қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб, бир гуруҳ тадбиркорлар фурсатдан унумли фойдаланиб, санитария қоидаларига риоя қилмасдан, атайлаб шундай маҳсулотларни харидорларга таклиф қилмоқда. Бу хатти-ҳаракатлар аҳолининг айримлари, айниқса, болалар ва ўсмирларнинг юқумли касалликларга чалинишига сабаб бўлмоқда.
Учрашувлардан мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олишдан иборат.