Тожикистон Республикаси Бош прокурори Мадрид шаҳрида

19-20 сентябр кунлари Тожикистон Республикаси Бош прокурори Юсуф Раҳмон Мадрид шаҳрида Испания Қироллиги Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасида хабар берилди.
Учрашувларда терроризм ва экстремизм, кибержиноятчилик, наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши биргаликда курашиш, жиноятчиларни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва бошқа долзарб ҳуқуқий масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Испания Қироллиги Ички ишлар вазирлигининг Миллий гвардияси Испаниянинг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб, ахборот алмашиш ва халқаро терроризмнинг хавф ва таҳдидларини аниқлашда халқаро ҳамкорлик ушбу органга юклатилган.
Шу муносабат билан Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси ва Испания Қироллиги Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардияси ўртасида Тожикистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстремизм, терроризмнинг олдини олиш бўйича ягона ахборот марказининг имкониятларидан биргаликда фойдаланиш масаласи тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.