ХV Тошкент халқаро кинофестивали, “Кино 5 кунда” танловида тожикистонлик намояндалар ҳам бор.

ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ёш киноижодкорлар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган “Кино 5 кунда” танлови бўлиб ўтади.
Бу йил танловда МДҲ мамлакатлари – Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва Россиянинг 7 та олий ўқув юртидан 14 нафар ёш киноижодкорлар иштирок этади. Бу ҳақда «Овози тожик» радиоси ӯзбек бӯлими мухбири Дурдона Расулова хабар берди.
24 сентябрь санасида иштирокчилар республиканинг маданий ва тарихий аҳамиятга эга жойларига бориб, у ерда “Ўзбекистон – менинг орзуим!” мавзусида ўз фильмларини суратга олишади.
• Арманистон – Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси
• Озарбайжон – Шаҳрисабздаги Оқ Сарой саройи
• Тожикистон – Тошкентдаги Ҳазрати Имом ансамбли
• Қозоғистон – Бухородаги Арк қалъаси
• Қирғизистон – Намангандаги Ахсикент шаҳристони
• Молдова – Бухородаги Ситораи Моҳи хоса саройи
• Россия – Марғилан шойи тўқиш фабрикаси
Низомга кўра, икки кишидан иборат ҳар бир жамоага етти нафар ёш маҳаллий кино мутахассисларидан иборат суратга олиш гуруҳи бириктирилади. Иштирокчиларга фильм тайёрлаш учун беш кун – суратга олиш жараёни учун уч кун, монтаж учун бир кун вақт ва дубляж учун бешинчи кун ажратилади.
Танлов иштирокчиларининг асарлари жаҳон киносининг ҳақиқий усталари томонидан муносиб баҳоланади. Таниқли ва суюкли ўзбек режиссёрларидан бири Али Ҳамроев ҳакамлар ҳайъати раиси вазифасини бажаради. Ҳакамлар ҳайъати таркибига шунингдек қуйидаги ижодкорлар киритилган:
• Энг номдор россиялик режиссёрлардан бири, Венеция ва Канн кинофестиваллари совриндори Александр Сокуров;
• Афғонистонлик кинорежиссёр ва продюсер, “Олтин глобус” ва Канн кинофестиваллари мукофотлари совриндори Сиддиқ Бармак;
• Машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Маҳмудов;
• Машҳур туркман режиссёри Хўжақули Нарлиев.
30 сентябрь куни соат 16:15 да Тошкент Киночилар уйининг мажлислар залида “Кино 5 кунда” танлов лойиҳалари бўйича ишларнинг якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади. Талов ғолибларини тақдирлаш маросими ва open air, 1 октябрь куни соат 17:00 да Киночилар уйи амфитеатрида ўтказилади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, “Кино 5 кунда” дастурининг асосий мақсади, ёш киноижодкорларни янги фильмлар яратишга ундаш, хорижлик ҳамкасбларини Ўзбекистон анъаналари ва маданияти билан таништиришдан иборат.