Фалак байрами нишонланди
10 октябр куни Абулқосим Лоҳутий номидаги Давлат академик драма театрида Фалак кунига баѓишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда фалак ижрочилари ва меҳмонлар қатнашди. Бу ҳақда «Ховар» ТМАА хабар берди.
Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Акашариф Жўраев номидаги Тожикистон Давлат филармонияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Одина Ҳошимов номидаги «Фалак» ансамбли ижросида «Фалак оқшоми» концерт дастури намойиш этилди.
Маданий тадбирда Маданият, Маориф ва илм вазирликлари раҳбарияти, бир қатор олий таълим муассасалари ҳамда маданият ва санъат вакиллари иштирок этишди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан 2007 йилдан буён 10 октябр Фалак куни сифатида байрам қилинади.
Бугунги кунда тожик халқининг ушбу қадимий мусиқа санъати ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослари рўйхатига киритилган.
Байрам муносабати билан Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бир қатор фалак ижрочилари ҳамда санъаткорлар Тожикистон маданияти аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланишди.
Акашариф Жўраев, Одина Ҳошим, Абдулло Назрий, Файзали Ҳасанов, Давлатманд Холов, Дона Баҳром, Гулчеҳра Содиқова, Соҳиба Давлатшоева ва яна ўнлаб санъат усталари фалак жанрини дунёга танитганлигини қайд этиш ўринлидир.