Душанбе шаҳри EXPO – CENTER биносида «TAJBUILD» халқаро қурилиш маҳсулотлари намойиши бошланди
Бугун, 12-октябр куни Душанбе шаҳри EXPO – CENTER биносида «TAJBUILD» халқаро қурилиш маҳсулотлари намойиши бошланди. Мазкур намойишда 60 га яқин маҳаллий ва хорижий қурилиш компаниялари иштирок этишмоқда. Бу ҳақда «Овози тоҷик» радиоси ӯзбек бӯлими мухбири Дурдона Расулова хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, «TAJBUILD» Халқаро қурилиш маҳсулотлари намойиши Саноатни ривожлантириш йиллари доирасида ташкил этилган бӯлиб, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар орасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур намойишда Тожикистон, Эрон, Россия, Ӯзбекистон, Туркия ва Хитойдан бир қатор қурилиш компаниялари иштирок этишмоқда.
Намойишдан кӯзланган мақсад, қурилиш компанияларини танитиш ва иштирокчи давлатлар билан қурилиш соҳасида ҳамкорлик ӯрнатишдан иборат.
«FALCON» компаниясининг сотув бӯлими раҳбари Азизжон Хуснитдинов намойиш ҳақидаги фикрларини шундай баён қилди:
– Биринчи навбатда шундай имкониятларни яратиб бергани учун Тожикистон ва Ӯзбекистон Хукуматига ӯз миннатдорлигимни билдираман. Хусусан, биз тадбиркорларга катта имкониятлар яратилган, чегаралардан хавфсиз тарзда ӯтиб, мана шу манзилимизга етиб келдик. Тожикистон ҳақида фикримни билдирадиган бӯлсам, жудаям гӯзал! Душанбе шаҳрида биринчи марта бӯлишим ва шаҳарнинг гӯзаллиги, ям-яшиллиги, гуллар ва дарахтлар тӯла кӯчалари кӯзларимни қувонтирди. Кайфиятимни кӯтариб ишга бӯлган лаёқатимни янада кучайтирди.
Бизнинг компаниямиз Ӯзбекистон бозорига янги кириб келган компаниялардан бири ҳисобланади. Экспортни аввало қӯшни давлатлар билан йӯлга қӯямиз. Чунки, ӯз маҳсулотларимизни аввало қӯшнимизга раво кӯриб кейин бошқа давлатларга чиқарамиз. Намойишда қатнашишимиздан мақсад Тожикистондан ҳамкор топиш ва ӯз фирмамизни Тожикистонда ҳам очишдан иборат, – дея таъкидлади.
«TAJBUILD» халқаро қурилиш маҳсулотлари намойиши иккинчи йилдирки ӯтказилиб, қурилиш соҳасидаги компанияларни ва ютуқларини танитмоқда.