САНОАТ ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИДИР

Бугунги кунда халқ хўжалигининг барча соҳалари бир маромда жадаллик билан тараққий этиб, халқимизнинг турмуш тарзи кун сайин яхшиланиб бормоқда.
Мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик туфайли ҳамда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари билан йилдан-йилга барча иқтисодий-ижтимоий соҳалар сингари саноат соҳаси ҳам ривожланиб бормоқда. Янги саноат корхоналари қурилиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳам ошиб бормоқда. Вилоятимизда ҳам ана шундай самарали фаолият юритиб келаётган саноат корхоналаридан бири бу «Титан 8888» масъулияти чекланган жамиятидир.
“Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонаси тўртинчи умуммиллий мақсад–мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштиришни ҳар томонлама амалга ошириш жараёнида “Саноатни ривожлнтириш йиллари” ва Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш доирасида маҳаллий тадбиркорлар – ака-ука Тожибоевлар томонидан 25 миллион сомоний маблағ ҳисобига бунёд этилган бўлиб, корхона 2013 йилда давлат қайдидан ўтган ва асосий фаолиятини 2020 йилда бошлаган.
Жамиятнинг 2700 метр квадрат майдонда жойлашган янги саноат корхонаси, асосан, иситиш ускуналари – радиаторлар, маиший мақсадларда фойдаланиш учун турли ўлчамдаги қозонлар ва ёритиш лампалари (прожекторлар) ишлаб чиқаради. Ушбу ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилишининг биринчи босқичида 80 нафар маҳаллий мутахассислар доимий иш жойи ва яхши маош билан таъминланганлар. Келгусида бу ерда ишчилар сони 130тага етказилади ва айни пайтда ўртача иш ҳақи 1500дан бошланиб 2000 сомонийгачани ташкил қилади.
“Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиrариш корхонасига керакли асбоб-ускуналар Хитой, Россия Федерацияси ва Туркия давлатларидан умумий ҳисобда 17 миллион сомоний эвазига олиб келиб ўрнатилган.
Корхонада Хитой, Туркия ва Россиянинг нуфузли ширкатларидан келтирилган замонавий технологик тармоқлар ёрдамида ойига 500 тонна, йилига 6 минг тонна алюминий чиқиндилари қайта ишланиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Айни дамда корхонада 2 турдаги иситиш ускуналари, 3 турдаги ёритиш лампалари ва рўзғорда ишлатиладиган ҳажми 2 литрдан 15 литргача бўлган қозонлар ўзига хос дизайн ва юқори сифатда ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона ҳудудида хом ашё ва тайёр маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган 6та омбор фойдаланишга топширилиб, маъмурий бино, 80 ўринга мўлжалланган ошхона ва бошқа ёрдамчи иншоотлар ишчилар ҳамда ходимларнинг қулай шароитларда меҳнат қилишларига имкон яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, илгарилари ички бозорнинг ушбу молу маҳсулотга бўлган талаби тўлиқ импорт ҳисобига таъминланар эди. Мазкур корхонанинг ишга туширилиши билан ички бозорнинг иситиш ускуналари, ёритиш лампалари ва маиший рўзғор қозонларига бўлган талабининг 50 фоиздан ортиғини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига таъминлаш учун имкон яратилади.
Хом ашё – иккинчи даражали алюминий республика ҳудудидан етказиб берилиб, махсус печлар ёрдамида эритилади ва қолиплаш, майдалаш, бўяш, алоҳида қисмларни йиғиш ва ўрнатиш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни қадоқлаш билан боғлиқ ишларни бажариш жараёни алоҳида цехларда бугунги замон талабларига мувофиқ амалга оширилади.
-“Титан 8888” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш корхонасининг асосий мақсади сифатни ошириш, нархларни пасайтириш ва мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, қўшни давлатлар ҳамда узоқ хориж бозорига босқичма-босқич кириб боришдан иборат.
Мамлакатимиз аҳолиси, ташкилот ва муассасалар эҳтиёжларини инобатга олиб, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтириш ҳамда Душанбе, Хужанд, Бохтар ва Хоруғ шаҳарларида бренд дўконларини таъсис этиш, шу билан бирга, тайёр маҳсулотлар – иситиш ускуналари, ёритиш лампалари ва қозонларни экспорт қилиш бўйича режалар ишлаб чиқилиб, бу борада Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларининг бир қатор тижорат ширкатлари билан ҳамкорлик шартномалари имзолаганмиз.
Бизни қувонтирган ҳолатлардан бири бу, 9 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятига расмий сафари доирасида бизнинг корхонамизга ҳам ташриф буюриб, корхонамизнинг янги тармоқларини ишга туширишда иштирок этиши бу биз тадбиркорларни янада руҳлантириб келажакда юртимиз ободлигига ўз ҳиссамизни янада кўпроқ қўшишга ундайди,-дейди «Титан 8888» МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Тожибоев биз билан суҳбатда.
Зайниддин МУҲАММАДИЕВ