Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш билан телефон орқали мулоқот қилди

Бугун Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, мӯҳтарам Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерриш билан телефон орқали мулоқот қилди.
Томонлар Тожикистон Республикаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, жумладан, муҳим халқаро муаммолар, айниқса, кенг қамровли тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга доир масалаларни муҳокама қилдилар.
Давлат раҳбари Тожикистон глобал кун тартиби, айниқса, сув ва иқлим муаммолари, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва бошқа кўринишларга қарши курашни илгари суриш мақсадида БМТ ва унинг тузилмавий институтлари билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
Томонлар бир вақтнинг ўзида қўшни давлат Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдилар. Давлат раҳбари халқаро ҳамжамият жабрдийда Афғонистон халқига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамини давом эттириши, бугунги оғир шароитда уни ёлғиз қолдирмаслиги зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Тожикистон томони ушбу жараёнга, жумладан, бундай ёрдам кўрсатиш учун мамлакатнинг моддий-техник имкониятларини тақдим этиш орқали ҳисса қўшишга тайёрлиги билдирилди.
Тожикистон Республикаси Президенти БМТ миссиясининг Афғонистонга ёрдам кўрсатишдаги муҳим ролини таъкидлар экан, Ташкилот ва унинг тегишли институтлари бундан буён ҳам Афғонистон масаласига муносиб эътибор қаратишига умид билдирди.
Томонлар ушбу ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.