Туркия ва Марказий Осиё қишлоқ аёллари турмуш шароити янада яхшиланади

Анқарада “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди: Туркия ва Марказий Осиё қишлоқ аёллари фаоллигини ошириш ҳамда ҳуқуқ ва имкониятини кенгайтириш” лойиҳаси бўйича биринчи минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ФАО – Туркия ҳамкорлик дастури доирасида ташкил этилган тадбирда Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокчилари онлайн тартибда иштирок этди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим раҳбари ўринбосари Набира Жумаева ФАОга қишлоқ бирлашмаларида гендер тенглик тарғиботига қаратилганфаолияти учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, қишлоқ аёлларига тенг иқтисодий имконият тақдим этиш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашишига ишонч билдирди.
Туркияда лойиҳа камида уч вилоятда тажриба тадбирлари амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди. Тожикистон ва Ўзбекистонда эса асосий эътиборни далиллар ва чуқур гендер таҳлилга асосланган сиёсат олиб бориш, лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қарор қабул қиладиган шахсларнинг билим олиши, салоҳиятини оширишига йўналтирилади. Қишлоқлардаги аёлларнинг ҳуқуқи ва эркинлигини кенгайтириш ҳамда ижтимоий инклюзив агро озиқ-овқат тизими соҳасида илғор тажрибани машғулотлар орқали бўлишиш мақсадида барча уч мамлакат бенефициарларини бирлаштиради.
Ушбу семинар айни йўналишда ташланган илк қадамдир.
Аёллар, айниқса, қишлоқ аёллари таълим ресурси ва бандлик имкониятидан фойдаланишда дуч келадиган тизимли тўсиқлар ҳақида гапирар экан, Марказий Осиё бўйича кичик минтақавий координатор, ФАОнингТуркиядаги вакили Виорел Гуту тузилма қишлоқ аёллари чуқур билим ва кўникмага эга бўлишини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини тасдиқлади.
Анжуман лойиҳа жамоасига ташаббусни ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида дастлабки қадамларни муҳокама қилиш учун туман бўлимлари вакиллари билан учрашиш имконини ҳам берди.
ӮзА