АҚШда Трампдан топилган махфий файллар рўйхати эълон қилинди

ФҚБ тинтувлар давомида собиқ президентнинг қароргоҳида турли хил махфийлик таснифига эга юздан ортиқ ҳужжатларни топди. Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг қароргоҳини тинтув қилиш чоғида «яширин», «махфий» ва «ўта махфий» деб таснифланган ўнлаб ҳужжатларни топди, дейилади Флорида жанубий округи суди томонидан 2 сентябр, жума куни эълон қилинган рўйхатда.
Умуман олганда, Трампдан топилган 11 мингдан ортиқ турли ҳукумат ҳужжатларидан 18 таси «ўта махфий», 54 таси «махфий» ва 31 таси «яширин» деб белгиланган. «Ўта махфий» ёрлиғи фойдаланишнинг энг юқори даражаси бўлиб, у Қўшма Штатларнинг «энг махфий сирлари» учун мўлжалланган, дея қайд этади Reuters.
Бундан ташқари, махфий маълумотлар деб белгиланган 48 та бўш папка, яширин деб ҳисобланган 40 та бўш папка аниқланган. Мусодара қилинган ҳужжатлар рўйхатида ҳам, АҚШ Адлия вазирлигининг қўшимча хатида ҳам папкаларнинг йўқолган мазмуни топилган ёки топилмагани кўрсатилмаган, деб ёзади The New York Times. 11 000 дан ортиқ махфий бўлмаган давлат ҳужжатлари ва фотосуратлари ҳам топилган.