Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош котибига Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида содир бўлган сўнгги воқеалар ҳақида батафсил маълумот берди

2022-йилнинг 19-сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 77-сессияси “Юқори даражадаги ҳафталик” доирасида Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан Нью-Йоркда учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош котибига тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган сўнгги воқеалар ҳақида батафсил маълумот берди ва тегишли материаллар, жумладан, Қирғизистоннинг ҳарбий босқинчилик фактини исботловчи видео ва фотосуратларни тақдим этди.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Тожикистон ҳеч қачон Қирғизистон билан чегара масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш ташаббускори бўлмаганини ва ҳар доим сиёсий-дипломатик ёндашувга амал қилишини таъкидлади.
Шунингдек, учрашув чоғида Тожикистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим масалалари, айниқса, барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, иқлим ўзгариши ва сув-энергетика йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Суҳбатдошлар минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан, Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилдилар, Тожикистон томонидан инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.
БМТ Бош котиби Тожикистоннинг глобал ташаббусларини олқишлаб, Ташкилот ҳар томонлама ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.