Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди

Бугун Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунларини муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, Миллат пешвоси минтақавий аҳамиятга молик мазкур тадбирнинг ташкилий ва мазмун-моҳиятига юксак баҳо берди.
Тожикистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул ва анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, давлат раҳбарларининг учрашуви якунларини, унинг доирасида турли соҳаларга оид муҳим қарорлар ва ҳужжатлар тўпламини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, Тожикистон президенти Ўзбекистон президентига Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятларидаги вазиятнинг сўнгги ривожланиши ҳақида маълумот берди.
Томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги дўстона муносабатлар, яхши қўшничилик ва фойдали ҳамкорликка оид айрим муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.