Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди

Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ва вакиллари “C5+1” доирасида иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, келишмовчиликларни дипломатик йўллар билан ҳал этиш заруриятини муҳокама қилдилар.
22-сентябрь куни Ню-Ёркда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида “C5+1” учрашуви бўлиб ўтди.
“Улар Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ўртасидаги ўттиз йиллик ўзаро манфаатли шерикликка эътибор қаратдилар ва БМТ Низомига, айниқса, барча мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига риоя этилишини сўзсиз қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар. Шунингдек, иштирокчилар тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, низоларни дипломатия йўли билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидладилар”, — дейилади ҳужжатда.
Мамлакатлар хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича яқин ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.