Бангладешдаги кема ҳалокатида қурбон бўлганлар сони 69 нафарга етди

Бангладеш қутқарувчилари якшанба куни мамлакат шимолида ҳалокатга учраган кемадан яна бир кишининг жасадини олиб чиқишди. Ҳозиргача ҳалок бўлганлар сони 69 кишига етди, деб хабар бермоқда United News of Bangladesh нашри
Қутқарувчилар маълумотига кўра, фожиа туфайли жами 30 аёл, 21 бола ва 18 нафар эркак ҳаётдан кўз юмган, яна уч нафари бедарак кетган. Ўтган якшанба куни бортига ҳаддан зиёд кўп юк олган кема Каратойя дарёсида чўкиб кетган. Кема бортида 80 киши бўлгани айтилмоқда.
Йўловчиларнинг катта қисми ибодатхонага йўл олган индуист зиёратчилари бўлган. Бундай бахтсиз ҳодисалар ҳудудини 230 та дарё кесиб ўтадиган Бангладешда тез-тез бўлиб туради. Бу галги ҳалокат мамлакатда жорий йилдаги энг йириги ҳисобланади.