БМТ Кобулдаги портлаш қурбонлари сони 43 нафарга етганини маълум қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси маълум қилишича, жума куни Кобул ғарбидаги таълим марказида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 43 кишига етди, жароҳатланганлар 83 киши.
– Қурбонларнинг кўпчилиги қизлар, ёш аёллар. Улар сони яна ортиши мумкин. Кобулдаги инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳларимиз аъзолари текширувни давом эттиряпти, – дейилади миссиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган хабарда.
Аввалроқ портлаш туфайли 35 фуқаро ҳалок бўлгани, 82 киши яралангани эълон қилинганди. “Ariana News” телеканали хабар беришича, портлаш шаҳар ғарбидаги Дашт-э Барчи ҳудудидаги Каж ўқув марказида содир этилган.
Ички ишлар вазирлигининг Толибон ҳукуматидаги вакили Абдул Нафи Таҳора воқеа ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган.