Япония иенасининг курси илк бор 1990 йилдаги даражага тушиб кетди
Душанба куни Токио биржасида Япония миллий валютаси илк бор бир доллар 148,6 иена даражасигача тушиб кетди. Аввалги антирекорд жума куни ўрнатилган эди. Ўшанда доллар 147 иенага баҳоланди.
Япония миллий валютасининг долларга нисбатан қадри тушиб боришига Америка ва Япония марказий банкларининг олиб бораётган монетар сиёсатидаги кучли тафовут асосий сабаб бўлмоқда. АҚШ Федераль захираси ҳисоб ставкаларини кўтаришни давом эттираётган бир пайтда Япония банки уни салбий даражада ушлаб турибди.
Қолаверса, валюта бозоридаги тенденцияларнинг тезлашишига АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўтган шанба куни айтган “Америка валютаси қиймати ўсишидан хавотирим йўқ”, деган сўзлари ҳам сабаб бўлди.
Ҳозир бозор ўйинчилари Япония ҳукумати курсни ошириш учун интервенцияни амалга ошириши мумкин, демоқда. Чунки, сентябрь ойида ҳам бир доллар 145,9 иенага етганда, Япония ҳукумати бозорга валюта интервенциясини амалга оширган эди.