Кўплаб давлатлар Эрондан учувчисиз жанговар учоқ сўраяпти

Дунёнинг 20 дан ортиқ давлати қизиқиш билдириб, Эрондан учувчисиз жанговар учоқ етказиб беришни сўраб, мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда Эрон Олий бош қўмондони ёрдамчиси ва бош ҳарбий маслаҳатчиси, генерал-майор Яҳё Сафавий маълум қилди.
“Шундай даражага етдик-ки, эндиликда 22 давлат учувчисиз жанговар учоқ сотишимизни сўраб, бизга мурожаат қилди”, деб ёзди генералга таяниб “ISNA” агентлиги.
Шунингдек, у жанговар ҳаракатларни бошқаришнинг яхлит ва хавфсиз тизимини ишлаб чиқиш ва яратиш ҳам муҳимлигини таъкидлади.
Ўтган ой Эрон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, бригада генерали Ҳамид Воҳидий мамлакат ўзини учувчисиз ҳарбий учоқ билан юз фоиз таъминлашга эришганини эълон қилганди.
ЎзА