Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида ҳукумат армияси билан исёнчилар ўртасида жанглар бошланди

Конго Демократик Республикаси (КДР) қуролли кучлари билан “23 март ҳаракати” исёнчи жангарилар ўртасида жанглар мамлакатнинг шарқида бошланган. Би-би-си маълумот беришича, қуролли тўқнашувлар Шимолий Киву провинциясининг Рутшуру туманида кечмоқда.
Вазиятнинг кескинлашуви натижасида маҳаллий аҳоли оммавий равишда уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда, деб ёзмоқда Би-би-си гувоҳлар берган маълумотларга таяниб. Жанглар бир неча ҳафта давом этган сокинликдан кейин бошланган. Маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, исёнчилар ҳукумат қўшинлари позициясига ҳужум уюштирган.
«23 март ҳаракати» – “Халқни ҳимоя қилиш Миллий конгресси”нинг собиқ етакчилари томонидан 2012 йилда ташкил этилган ҳарбий-сиёсий гуруҳ ҳисобланади. Мазкур конгресс баньямуленге этник гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилади (уларни КДР шарқида тутси халқи, деб ҳам аташади).
“23 март ҳаракати” гуруҳи КДР ҳукуматини тинчлик келишуви бўйича мажбуриятларини бажармаётганликда айбламоқда.