Тожикистон ва Ўзбекистон аграр университетлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбатдошлар аввалроқ қишлоқ хўжалиги соҳасида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида саноат ва қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, боғдорчилик, пилла етиштириш, қўшма корхоналар, иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тожикистонлик дипломат Тожикистон Аграр университети ва Ўзбекистон Халқаро аграр университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди ва бу таклиф Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди.