Сомалида «Аш-Шабаб» жангарилари Вабхо шаҳрини эгаллаб олди

«Аш-Шабаб» террорчи гуруҳ бўлинмалари Сомалининг марказий қисми бўлган Галмудуг штатидаги Вабхо шаҳри устидан ўз назоратини ўрнатди. Мамлакатдаги Shabelle Media Network янгиликлар порталининг ёзишича, бундан уч кун аввал ҳукумат кучлари уларни ушбу шаҳардан ҳайдаб чиқарган эди.
Хабарда таъкидланишича, жангарилар ҳукуматнинг мунтазам армияси қисмлари Вабхо шаҳридан кетиши билан яна шаҳарга ҳужум қилган. Федераль кучларнинг шаҳарни тарк этишига нима сабаб бўлгани айтилмаган.
Вабхо шаҳри 15 йилдан буён «Аш-Шабаб» гуруҳи назорати остида эди. Шу йил 9 ноябрь куни ҳукумат қўшинлари шаҳарни қайтариб олди. Жангларда 25 нафар жангари йўқ қилинган.
«Аш-Шабаб» Сомалида 2004 йилда пайдо бўлган. 2008 йилдан буён улар портлашлар ва пистирмалар уюштириб келмоқда. 2010 йилга келиб гуруҳ мамлакатнинг катта қисмини назорат қила бошлади, бироқ 2011 йилда улар пойтахт Могадишони тарк этишга мажбур бўлди ва ҳукуматга уларнинг иттифоқчиларига қарши яширин уруш бошлади. 2012 йил февралда «Аш-Шабаб» раҳбарларидан бири гуруҳ «Аль-Каида»га қўшилганини эълон қилди. «Аш-Шабаб» жангарилари сони 10 минг кишига етади, дейилади хабарда.