Японияда бу йил туғилишдан кўра ўлим кўп бўлди
Японияда январдан октябрь ойигача туғилиш даражаси рекорд даражада паст бўлди, ўлим кўрсаткичи эса, аксинча, ўтган йилнинг шу вақти билан солиштирганда 8 фоизга ортган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги тарқатган маълумотлар кунчиқар мамлакатида туғилиш кўрсаткичи йилдан-йилга пасайиб бораётганидан гувоҳлик бермоқда.
Маълумотда келтирилишича, жорий йилнинг ўтган 10 ойида мамлакатда 669 минг бола дунёга келган, бу ўтган йилга қараганда 4,8 фоизга кам.
Япония тадқиқот институтлари билдирган ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда мамлакатда 811 минг нафар чақалоқ рўйхатга олинган эди.
Кунчиқар мамлакатда ўлим даражаси январдан октябрь ойига 1,289 миллион кишини ташкил этган. Бу ўтган йил билан таққослаганда 7,5 фоизга кўп. Август ойида коронавирус тўлқини кучайган эди. Шу ой мамлакатда 135 минг киши ҳаётдан кўз юмган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда йиллик ўлим кўрсаткичи Иккинчи жаҳон уруши тамом бўлганидан кейин илк бор рекорд даражани қайд этади ва жами 1,5 миллиондан ошади.
ЎзА