Байден Нью-Йорк штатида фавқулодда вазият эълон қилди

АҚШ Президенти Жо Байден кучли қор бўрони кузатилаётгани учун Нью-Йорк штатида фавқулодда вазият эълон қилди, деб хабар тарқатда Оқ уй.
«Президент Байден Нью-Йорк штатида фавқулодда вазият эълон қилди ва штат ва маҳаллий даражада табиий офат оқибатларига қарши курашни кучайтириш учун федерал ёрдам кўрсатишга буйруқ берди», – дейилади Оқ уй тарқатган хабарда.
Хабарда таъкидланишича, Байден фавқулодда вазиятлар федерал агентлиги ва ички хавфсизлик вазирлигига кучли қор бўронидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ваколатини берган.
Аввалроқ АҚШда кучли қор бўрони билан боғлиқ ҳодисалар натижасида ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етгани ҳақида маълум қилинган эди. Ўлим билан боғлиқ фожиали ҳодисалар мамлакатнинг 12 та штатида қайд этилган. Ҳалок бўлганларнинг ярми Нью-Йорк штатига тўғри келади, дейилади хабарда.