ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ХУЖАНД ШАҲРИДАГИ НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ

Азиз ватандошлар!
Қадрли иштирокчилар!
Барчангизни жаннатмакон юртимизда бир неча кундан буён нишонланаётган муқаддас ва муборак миллий байрамларимиздан бири – Наврўз байрами билан яна бир марта табриклаб, ҳар бирингизнинг хонадонингизга саломатлик, бахт-саодат ва наврўзий файзу барака тилайман.
Наврўзнинг кириб келиши кун ва туннинг тенглашуви, табиатнинг уйғониши, янги йил ва экин мавсумининг бошланишидан хабар беради.
Ғурур билан таъкидламоқчиманки, Наврўз биз учун Давлат мустақиллиги куни билан бир қаторда азиз ва қадрлидир, зеро, айнан истиқлол ва озодлик шарофати билан қадимий миллий маросим ва анъаналаримиз, жумладан, Наврўз қайта тикланди.
Яна бир нуқта борки, Истиқлол миллат тақдирининг туҳфаси ва Наврўз тожикларнинг фахрли тарихининг устуни сифатида биргаликда бугунги ва келажак авлодларни буюк аждодларимизнинг урф-одат, удум ва анъаналари билан боғлаб туради.
Таъкидлаш жоизки, Наврўзнинг инсонпарварлик ва одамийлик моҳияти ва табиати инобатга олиниб, 2010 йилдан бошлаб бу қадимий удум халқаро байрам сифатида нишонланиб келинмоқда.
Яъни, Наврўз халқаро мақомга эга бўлиши билан унинг маданий алмашинув ва ҳамкорликларни кенгайтириш, миллатлар ўртасидаги ўзаро англашув, дунё халқлари ўртасидаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги вазифаси ва роли янада кучайди.
Дарҳақиқат, Наврӯз ва унинг ҳикмату фалсафаси инсонни диний эътиқоди ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, улуғлаш ва қадрлаш, тенглик, бағрикенглик, кечиримлилик, ҳаётда янги саҳифа очиш ва умуман, тинчлик ва барқарорлик асосида қурилган.
Наврўзнинг барча азалий қадриятлари ва умумбашарий аҳамияти ширин ва нафис тожик тили билан шу тилда битилган бой тарих, адабиёт ва маданияти биз – тожиклар учун ғурур ва фахримиз боиси ҳамда ўзлигимизни англашнинг энг яхши воситасидир.
Йигирма биринчи асрда, яъни илм-фан, техника ва технология жадал ривожланаётган даврда Наврўз ўзининг олти минг йиллик тарихи билан ҳамон барҳаётдир, ҳар биримизнинг қалбимизда авлодлар дунёқарашининг бир қисми сифатида чуқур илдиз отганидан ва халқимизнинг маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондираётганидан фахрланамиз.
Дарвоқе, яна бир марта эслатиб ўтмоқчимнки, миллатимиз тараққиётининг самарали ва қудратли омилларидан бири Сада, Наврўз, Меҳргон ва Тиргон каби аждодий байрамлар туркумининг борлигидир.
Ишонаманки, қадимий ва шарафли халқимиз яна минг йиллар дунё халқлари орасида ушбу эзгу байрам билан шуҳрат қозонади.
Азиз юртдошлар!
Баҳор йилнинг гўзал ва фусункор фасли бўлиши билан бирга, экин-тикин мавсуми ва бунёдкорлик ишлари фаслидир.
Шу боис, халқимиз Наврўз айёмини кутиб олиш учун нафақат наврўзий дастурхон безайдилар, бир-бирларини йўқлайдилар ва маданий ва спорт чора-тадбирларини ташкил қиладилар, балки уй-жой, манзиллари, шаҳар ва қишлоқларини тозалаб ва поклаб, кўкаламзорлаштирадилар ҳамда баҳорги экин ишларини юксак яратувчанлик руҳида кучайтирадилар.
Биз бу йил Наврўз байрамини қадимий Хужанд шаҳрида нишонламоқдамиз.
Кўҳна Хужанд ва Суғд вилоятининг бошқа шаҳар ва ноҳиялари аҳолиси мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб бугунги кунгача мамлакатнинг бошқа шаҳар ва ноҳиялари қатори мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор ривожланиши ва жонажон юртимизнинг тараққиёти ва равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Шу билан бирга, бугунги дунёнинг инқирозли вазияти ва инсоният юзма-юз келган бошқа муаммолар бизни олдимизда турган мақсад ва режаларимизга – давлатимизни янада ривожлантириш, Ватан ободлиги ва мамлакатимиз ҳар бир оиласининг турмуш шароитини яхшилашни таъминлашга эришиш учун барча захира ва имкониятларимиз ва куч-қудратимизни сафарбар этишга ундамоқда.
Суғд вилояти ўзининг табиий-географик хусусиятлари, унумдор ерлари ва меҳнаткаш халқи, шу билан бирга, асил деҳқонлари билан мамлакатда катта шуҳрат қозонган бўлиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини муҳофаза қилиш ва нафақат Тожикистон, балки ундан ташқаридаги истеъмол бозорини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
билан бойитишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Миллий стратегик мақсадларга, жумладан, мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштиришга эришиш йўлида Суғд вилояти аҳолисининг ҳиссаси салмоқлидир.
Вилоятнинг шаҳар ва ноҳиялари аҳолиси халқаро Наврўз байрами арафасида ишлаб чиқариш цехлари ва корхоналари ва ижтимоий, хизмат кўрсатиш иншоотларини бунёд этиш каби кўплаб ободончилик ва яратувчанлик ишларини амалга ошираётганликлари қувонарли ҳолдир.
Биз кеча ва бугун ўнлаб янги иншоотларни ишга туширдик ва яқин икки кун ичида яна ўнлаб янги иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этамиз.
Айтиш жоизки, халқнинг машаққатли меҳнати натижасида вилоят шаҳар ва ноҳияларининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, янада обод ва кўркам бўлмоқда.
Ишонаманки, Суғд вилоятининг шарафли аҳолиси келгусида ҳам мамлакатимизнинг равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.
Наврўз байрамининг эзгу анъаналари улуғ миллий байрамимиз – Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кутиб олишга тайёргарлик кўриш даврида Тожикистон халқининг яратувчан ва бунёдкорона мақсад ва ниятлари билан тўла ҳамоҳанг эканлигини таъкидламоқчиман.
Шу муносабат билан юртимизнинг ор-номусли халқига, жумладан, Суғд вилоятининг меҳнаткаш аҳолисига мурожаат қиламанки, замонавий дунёнинг мураккаб вазиятини инобатга олган ҳолда бор куч-ғайратимизни мустақил тожиклар давлатининг янада қудратли ва илғор, аждодлар диёрининг янада обод бўлишига ва азиз Тожикистонимиз ҳар бир оиласининг турмуш даражасини босқичма-босқич яхшилашга йўналтирайлик.
Яна бир бор азиз Тожикистонимиз халқининг каттаю кичигини, Суғд вилоятининг ватанпарвар ва меҳнаткаш аҳолисини ва барчангиз – қадрли тадбир иштирокчиларини аждодий Янги йил – халқаро Наврўз байрами муносабати билан самимий табриклаб, жонажон юртимизнинг барча аҳлига саломатлик, бахту саодат ва омад ҳамда жаннатмакон Тожикистонимизга абадий тинчлигу осойишталик ва ривожу равнақ тилайман.
Доимо муваффақ, жонажон Ватанимиз баҳори ва Наврўзи каби кўркам ва навқирон бўлинг!
Аждодий Янги йил ва халқаро Наврўз байрами муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОН ХУЖАНД ШАҲРИДА ХАЛҚАРО НАВРЎЗ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎТКАЗИЛГАН ТАНТАНАЛАРДА ИШТИРОК ЭТДИ
30 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хужанд шаҳрида халқаро Наврўз байрами тантаналарида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон, дастлаб, барча ватандошларимиз ва тантана иштирокчиларини муқаддас ва муборак миллий байрамимиз – Наврўз байрами билан табриклаб, юртимизнинг ҳар бир хонадонига саломатлик, бахт-саодат ва наврўзий файзу барака тилади.
Наврўз байрами Давлат мустақиллиги билан бир қаторда ғоят азиз ва қадрли экани, зеро, мустақиллик ва озодлик шарофати билан биз қадимий миллий урф-одат, анъана ва удумларимизни қайта тиклаганимиз таъкидланди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Истиқлолни миллат тақдирининг туҳфаси ва Наврўзни тожиклар фахрли тарихининг устуни сифатида баҳолаб, уларни бугунги ва келажак авлодларни боғлаб турувчи куч деб атади.
Таъкидлаш жоизки, Наврўзнинг инсонпарварлик ва одамийлик моҳияти ва табиати инобатга олиниб, 2010 йилдан бошлаб бу қадимий удум халқаро байрам сифатида нишонланиб келинмоқда.
Яъни, Наврўз халқаро мақомга эга бўлиши билан унинг маданий алмашинув ва ҳамкорликларни кенгайтириш, миллатлар ўртасидаги ўзаро англашув, дунё халқлари ўртасидаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги вазифаси ва роли янада кучайди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Наврўзнинг барча азалий қадриятлари ва умумбашарий аҳамияти ширин ва нафис тожик тили билан шу тилда битилган бой тарих, адабиёт ва маданияти биз – тожиклар учун ғурур ва фахримиз боиси ҳамда ўзлигимизни англашнинг энг яхши воситаси эканлиги қайд этди.
Давлат раҳбарининг фикрича, миллатимиз тараққиётининг самарали ва қудратли омилларидан бири Сада, Наврўз, Меҳргон ва Тиргон каби аждодий байрамлар туркумининг борлигидир.
Қадимий ва шарафли халқимиз яна минг йиллар дунё халқлари орасида ушбу эзгу байрам билан шуҳрат қозонишига ишонч билдирилди.
Бу йилги Наврўз байрами Хужанд шаҳрида ўтказилаётгани муносабати билан мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон кўҳна Хужанд ва Суғд вилоятининг бошқа шаҳар ва ноҳияларининг ватанпарвар ва меҳнаткаш аҳолиси мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор ривожланиши ва азиз юртимизнинг тараққиёти ва ободлигига фидокорона меҳнат қилиб, салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Миллат пешвоси мамлакат Ҳукуматининг бунёдкорона сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ободончилик ва яратувчанлик тадбирлари натижалари ҳақида тўхталиб, шарафли Суғд вилояти аҳолиси келгусида ҳам мамлакат ривожу равнақи ва ободлиги йўлида ҳамда улуғ миллий байрамимиз – Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олишларига ишонч билдирди.
Ўз нутқи сўнгида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон азиз Тожикистон халқи, Суғд вилоятининг ватанпарвар ва меҳнаткаш аҳолиси ҳамда тадбир иштирокчиларини аждодий Янги йил – халқаро Наврўз байрами билан билан табриклаб, жаннатмакон юртимизга абадий тинчлик ва ривожу равнақ тилади.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг нутқидан сўнг Наврўз байрами ўтказиладиган жой – Хужанд шаҳрининг марказий стадионида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, эзгу наврўзий урф-одат, анъана ва удумларни акс эттирган шукуҳли концерт дастури бўлиб ўтди.