Мьянма ҳукумати 3 минг 113 нафар маҳбусни афв этди

Мьянма ҳукумати мамлакатда анъанавий Янги йил кириб келиши шарафига 3 минг 113 нафар маҳбусни, жумладан, 98 нафар хориж фуқаросини афв этди, деб ёзмоқда Рейтер агентлиги.
Агентликнинг телеграм каналида маълум қилинишича, “Мьянма хунтаси душанба куни мамлакатда Янги йилни нишонлаш учун 3 минг 113 маҳбусни, жумладан, 98 нафар хорижликни афв этди”.
Хабарда келтирилишича, Мьянма ҳарбий ҳукумати айнан қайси маҳбуслар амнистияга тушгани ҳақида аниқлик киритмаган.
2022 йил ноябрда Мьянма ҳукумати мамлакатда Миллий куни байрами шарафига 300 дан зиёд маҳбусни қамоқхонадан озод қилган эди. Озод этилганлар орасида Мьянма ҳукуматининг собиқ маслаҳатчиси, австралиялик иқтисодчи олим доктор Шон Тернелл ҳамда Буюк Британиянинг собиқ элчиси Вики Боумэн ва унинг турмуш ўртоғи, Мьянма фуқароси Тхейн Лин ҳам бор эди.
Мьянма қуролли кучлари 2021 йил 1 февралда фуқаролик ҳукуматини ағдариб ҳокимиятни ўз қўлига олган эди. Ҳарбийлар ўшанда ҳукуматни 2020 йилда бўлиб ўтган умумий сайлов натижаларни ўзларининг фойдасига ўзгартирганликда айблаганди.
Конституция механизми ёрдамида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб ҳукумат тепасига келган ҳарбийлар бир йилдан кейин сайлов ўтказилиши ва унда ғолиб бўлган партияга ҳокимият топширилишига ваъда берган эди. Баҳорда бўлиб ўтган брифингда эса ҳарбий ҳукуматнинг расмий вакили генерал Зо Мин Тун сайлов куни келгуси икки йил давомида маълум қилинади, деди.