Давлат раҳбари Эмомали Раҳмон Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Хан Чжен билан учрашди

17 май куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Пекинда Хитой Халқ Республикаси вице-президенти Хан Чжен билан учрашди.
Учрашувда Тожикистон ва Хитой ўртасидаги шериклик ва стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакат Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон Хитой томонига анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, шериклик ва стратегик муносабатлар ўрнатилган 10 йил давомида турли соҳалардаги ҳамкорликнинг кўзга кўринган натижаларидан мамнунлигини билдирди.
Суҳбат чоғида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда мамлакатлар ўртасида транспорт, энергетика, саноат ва ер ости бойликларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат, сармоя киритиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Йўл-транспорт лойиҳаларини амалга ошириш, транзит йўлакларини кенгайтириш, Душанбе-Кўлма автомобил йўлининг иккинчи босқичини амалга оширишни бошлаш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатнови кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу масалалар Учрашувнинг муҳим мавзуларидан бўлиб, томонлар уларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда Тожикистонда “яшил технология” ишлаб чиқариш базасини ташкил этиш, туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, Тожикистоннинг туризм инфратузилмаси учун капитал жалб этиш ва фан-техника соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.