Афғонистонда 2,3 миллион бола тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келиши мумкин
Афғонистон аҳолисининг тахминан 90 фоизи, жумладан, болалар ҳам қашшоқлик ёқасида турибди, деб хабар берди БМТ Болалар фонди (ЮНЕСКО) вакили Фран Экиса Нью-Йоркда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Фран Экисанинг айтишича, 2023 йилда 2,3 миллион бола тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келиши мумкин, уларнинг 175 мингги озиқ-овқат етишмаслиги оқибатида юзага келадиган касалликлардан даволаниши керак. Жорий йилда 140 минг ҳомиладор ва гўдакларини озиқлантираётган аёллар очликдан азият чекади.
Бундан ташқари, Афғонистонда қурол кўплигидан шу йилнинг январь ва март ойи оралиғида 134 нафар бола портловчи қурилмалар натижасида ногиронга айланган.
Экисанинг қўшимча қилишича, ЮНИСЕФ томонидан Афғонистонда болаларни қўллаб-қувватлаш учун айни дамда зарур бўлган маблағнинг атиги 22 фоизи тўпланган.
“Биз халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда болалар, аёллар ва оилалар кўраётган азоб-уқубатларни енгиллатишда бизга ёрдам беришга чақирамиз”, – деган мазкур халқаро ташкилот вакили анжуманда.