Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Чоршанба куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Элчига Тожикистон фуқароларининг Россияда оммавий ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ равишда Душанбенинг хавотир билдиргани маълум қилинган.
24 май куни Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Семён Григорьев билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда элчига Тожикистон томонининг ташвиши ҳақида маълумот берилди, дейилади хабарда.
Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларини турли баҳоналар билан оммавий ҳибсга олишлар тўғрисида маълумотлар келиб тушаётгани айтилган.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, “мавжуд ва юзага келаётган миграция муаммоларига биргаликда жавоб бериш зарурлиги, шунингдек, миграция масалалари бўйича мумкин бўлган қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишда келишилган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги» қайд этилган.
Хабарда келтирилишича, 19 май куни «Комсомольск-Амурда» содир бўлган воқеа ҳам муҳокама қилинган. Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, 100 дан ортиқ тожик талабалари Россия қонунчилиги бўйича сўроққа тутилган ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлинган.
Республика Ташқи ишлар вазирлиги “бундай воқеалар Тожикистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмаслиги ва томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкинлигини” таъкидлаган.