“ДЎСТЛИК ОҚШОМИ” МАДАНИЙ ДАСТУРИ

14 сентябр куни Борбад қасрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида “Дўстлик оқшоми” қўшма концерт дастури бўлиб ўтди.
“Дўстлик оқшоми” маданий дастурида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этдилар.
Марказий Осиё мамлакатлари маданият ва санъат аҳли азалий миллий ва эзгу қўшничилик анъаналари, давлатлар ўртасидаги яхши муносабатларни қамраб олган шукуҳли ва мазмунли қўшма дастурни тадбир иштирокчиларига муносиб намойиш этдилар.
Марказий Осиё давлатлари халқларини тарихий-маданий урф-одатлар, анъанавий дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва иттифоқчилик тамойиллари боғлаб туради ва бу давлатлар барча соҳаларда, жумладан, маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратадилар ва бундан ғоят манфаатдордирлар.
Шу нуқтаи назардан, ишончли мулоқотнинг пойдорлиги ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида барча жабҳаларда барқарор ва узоқ муддатли икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олий даражадаги мулоқот ва музокаралари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш жараёнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Минтақа давлатларининг азалий дўстлик анъаналари ва истиқболли ҳамкорликларини акс эттирган “Дўстлик оқшоми” номли ранг-баранг муштарак концерт дастури ғоят дилтортар ва шукуҳли ўтди, олий мартабали меҳмонлар маданият ва санъат аҳли истеъдодига юксак баҳо бердилар.