Нурсултон Назарбоев Владимир Путин билан учрашди
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Москвага келди ва Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Ҳа, у ҳақиқатан ҳам Москвада бўлди, унинг учрашуви бор эди. Якка тартибдаги учрашув, президент билан мутлақо шахсий учрашув”, — деди Песков.
18 декабрь куни “Взгляд на Восток” Telegram-каналида Назарбоев Москвага келгани ва Путин билан учрашишни режалаштиргани ҳақида хабар берилган эди. Охирги марта сиёсатчилар 2022 йил июнь ойида Москвада мулоқот олиб борган эди.
1 декабрь куни Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли автобиографияси чиқди. Китобнинг бобларидан бири Владимир Путинга бағишланган.
Унда Назарбоев россиялик ҳамкасбини Россияда тартиб ўрнатган “сўз ва иш одами” сифатида тавсифлайди. У, шунингдек, Путиннинг президентликка келиши билан икки давлат муносабатларида “сифат жиҳатдан янги” давр бошланганини қайд этади.