«ХАЛҚ ОВОЗИ» ГАЗЕТАСИ – 95 ЁШДА!

– Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ӯзбек тилидаги расмий нашрияси – «Халқ овози» газетасининг илк сони 1929 йилнинг феврал ойида чоп этилди. У дастлаб «Қизил Тожикистон» деб номланган эди. 1955 йилга қадар шу ном билан чиқиб турди. Сӯнгра, Тожикистон Компартияси Марказий Комитетининг қарорига биноан, унинг номи «Совет Тожикистони» деб ӯзгартирилди. Дастлабки йилларда газета араб ҳарфларида, сӯнгра лотин ҳарфлари билан чиқарилди. 1940 йилдан бошлаб эса рус алфавитида нашр этила бошлади.
– Газета аввалига юзлаб нусхада ҳафтада 2-3 бор чоп этилса, ӯтган асрнинг 60-80 йилларида ҳар куни минглаб нусхада нашр этилди. Аниқроғи, 80-йилларда унинг тиражи 100 минг нусхадан ошиб кетди.
– 1963 йил 17 октябрда «Совет Тожикистони»нинг 100 мингинчи сони чоп этилиши муносабати билан унга СССР Олий совети Президиумининг «Меҳнат Қизил байроқ» ордени топширилди.
– Газета Бош муњаррирлари – М. Ҳасанов , К. Тереғулов, Н. Деҳқонов, С. Ғаффоров, Тожикистон Қаҳрамони, академик Бобожон Ғафуров, Т. Ҳайитов, Муҳаммад Муродов,тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Гадоев, атоқли ёзувчи Ҳожи Содиқ, Мухторжон Баҳриддинов, Музаффар Солиҳов, Тоштемир Жӯрабоев, Абдусаттор Аҳмадалиев, Исмоилжон Муҳсинов, Ҳайдар Жӯраев.
– Сир эмас, Шӯролар даври барҳам топгандан сӯнг барча жабҳалар қатори газета ҳаётида ҳам ӯзгаришлар кечди. Бу давр, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида газета бир муддат оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирди. Натижада, кӯп қаламкашлар редакцияни тарк этдилар. Газета ҳам ӯша оғир даврда ҳар кундан ҳафтада уч марта чоп бӯладиган бӯлиб қолди. Ҳатто бирда йил давомида тӯққиз марта чоп бӯлганини яхши эслаймиз. Давлатимиз сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан яна «Халқ овози» Тожикистон Республикаси ҳукуматининг нашриясига айланди.
Редакциянинг 95 йиллик ҳаёти давомида, албатта, кӯплаб табаррук инсонлар номини тилга олсак арзийди. Атоқли ижодкорлар Аширмат Назаров, Маҳмуд Тӯлқин, Улуғназар Аҳмедов, Худоёр Каримов, Маҳмуджон Остонов, Қосимжон Мамажонов, Воситжон Муҳаммедов, Сулаймон Эрматов, Ӯлмас Жамол, Жамолиддин Тошматов, Турғун Дадабоев, Турон Тӯйчиев, Зокиржон Собиржонов, Ҳабибулло Ботиров, Улуғой Йӯлчиева, Мамлакат Нарзибекова, Роҳатой Неъматова, Муборак Муҳаммедова, Тӯтинисо Юсуфбекова, Санобар Аллаева, Неъмат Иброҳим, Асқар Маҳкам, Зикрулло Вали, Садриддин Ашур, Абдулло Зуҳур кабилар ҳаёти ва ижоди хусусида китоблар ёзса арзийди.
– Бугун озод ва обод, мустақил Тожикистонимизда «Халқ овози»нинг ӯрни ва жамиятда тутган мавқеи алоҳида аҳамият касб этади.
– Бугунги кунда Ёқубжон Абдуманонзода раҳбарлик қилаётган редакцияда Эркин Шукуров, Искандар Маҳмадалиев, Абдулло Саидов, Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, Урунбой Усмонов, Гулфинур Аюпова, Зуҳриддин Умаров ва бошқалар фаолият юритмоқда.
– «Халқ овози» газетаси 2013 йилдан буён Интернет ўз саҳифасига эга – www.khalkovozi.tj.
Зуҳриддин Умаров