Тожикистон Республикаси ҳукумати мажлиси

16 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон раислигида Тожикистон Республикаси ҳукумати мажлиси бӯлиб ӯтди.
Унда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг 2024 йилнинг январ ойидаги натижалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон нутқида таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётидаги оғир вазиятга қарамай, жорий йилнинг январ ойида мамлакатимиз иқтисодий ривожланиш суръати 8,1 фоиз даражасида таъминланди, аммо жиддий камчиликлар мавжуд.
Давлатимиз раҳбари ушбу жараёнда мамлакат ҳукуматининг фаолияти ҳали ҳам етарли эмаслигини таъкидлади. Хусусан, ушбу даврда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоиз, қайта ишлаш саноати 1,8 фоиз, энергия таъминоти 14,9 фоиз ва қурилиш саноати 1,6 фоизга камайди, бу эса ушбу соҳаларда қўшимча чора-тадбирларни талаб қилади.
Шу муносабат билан, замонавий дунёда тобора оғирлашиб бораётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ўтган йили эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва бу йил муҳим ютуқларга пойдевор қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иқлим ўзгаришининг аянчли оқибатларини эслаб, ўтган куз ва бу қишда энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига салбий таъсир кўрсатадиган вазият бўлганини таъкидлади.
Шу боис мамлакат ҳукуматига қурғоқчилик ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга таъсир этувчи бошқа салбий омилларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш, 2024 йилда ривожланишнинг истиқболли кўрсаткичларига эришиш учун барча имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш топширилди.
Вазирликлар, идоралар ва давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органларига 2025-2027 йилларда мамлакатни ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш прогнозларини ишлаб чиқиш бўйича оқилона чора-тадбирлар кўриш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун зарур чораларни кўриш топширилди.
Қайд этилишича, 2024 йил январ ойида давлат бюджетининг умумий даромадлари бўйича режа 109,9 фоиз даражасида бажарилганига қарамай, 4 та манбадан солиқ тушумлари 51 миллион сомоний миқдорида таъминланмаган.
Шу муносабат билан Молия вазирлиги ва Солиқ комитетига маҳаллий ижроия органлари билан биргаликда 2024 йилда давлат бюджетининг даромад қисмини сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш, солиқ қолдиқларини камайтириш ва янги даромад манбаларини излаш бўйича қатъий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Энг йирик умумхалқ байрамларидан бири бўлган халқаро Наврўз байрами муносиб нишонланиши муносабати билан вазирлик ва идоралар, вилоятлар, шаҳарлар, ноҳиялар, маҳаллалар ва қишлоқлар раҳбарларига мамлакатимиз шаҳар ва ноҳияларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга устувор аҳамият бериш топширилди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир оиласини озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш, баҳорги экин ишларига тайёргарлик кӯриш, алмашлаб экиш прогнозларини амалга ошириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Давлатимиз раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон жаҳон иқтисодиётидаги мавжуд тенденцияларни яна бир бор эслади ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун барча ресурс ва имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз кераклигини таъкидлади, чунки таҳлил ва кузатувларга кўра, ӯтган йилларга қараганда озиқ-овқат таъминоти бӯйича 2024 йил жаҳон ҳамжамияти учун янада қийин йил бўлади.
Ушбу шароитларни ҳисобга олган ҳолда барча давлат тузилмалари ва органлари, зиёлилар ва фаоллар олдига маросимлар ва анъаналарни тартибга солувчи қонун талабларига риоя этиш, тежамкорлик ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини такомиллаштириш бўйича қатъий вазифалар қўйилди.
Давлатимиз раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон ушбу мавзуни давом эттирар экан, «Дунё ва замонавий таҳдид ва хавфларнинг кўпайиши ортидан мустақиллик, эркинлик, сиёсий барқарорликни асрашга, давлат, миллат манфаатларини ҳимоя қилишга ва азиз Ватанимизни обод қилишга барчамиз тайёр бўлишимиз керак», – деди.
Тожикистон Республикаси ҳукуматининг йиғилишида, шунингдек, 2018-2028 йиллар – «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро ўн йиллик ҳаракати бўйича учинчи юқори даражадаги халқаро конференцияга тайёргарлик кӯриш ва ўтказиш, 2024-2028 йилларда Тожикистон Республикасида қор қоплонларини ҳимоя қилиш давлат дастури, Тожикистон Республикаси Президентининг 2024-2026 йилларда ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, Тожикистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг «Мудофаага кӯмаклашиш» давлат институтларини яратиш ва бошқа ривожланиш масалалари бӯйича тегишли қарорлар қабул қилинди.