ПРЕЗИДЕНТ ПАЁМИ МАЗМУНИ ХАЛҚҚА ЕТКАЗИЛДИ
Ҳар биримиз – Давлат раҳбаридан бошлаб, халқ вакиллари, Ҳукумат аъзолари, барча давлат тузилма-ю органлари раҳбарлари ва ҳарбий хизматчиларнинг асосий вазифамиз Тожикистоннинг шарафли халқига садоқат билан хизмат қилиш, доим ва ҳар қандай ҳолатда ҳам халқнинг ёнида бўлиш эканлигини яна бир марта таъкидлайман.
Эмомали РАҲМОН.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг «Республика ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида» Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёми юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-сиёсий соҳаларида қўлга киритилган ютуқлар ва истиқболдаги мақсадларни ўзида жамлаган дастурий ҳужжатдир.
Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлиси Раиси Маҳмадтоир Зокирзоданинг топшириғи билан халқ вакиллари юртимиз шаҳру ноҳияларига сафар қилишиб, ўз сайловчилари билан бўлган мулоқот ва учрашувларда Миллат пешвоси Паёмининг мазмун-моҳиятини шарҳлаб беришди.
Жумладан, Спитамен ноҳияси, Зафаробод ноҳиясининг А.Жомий, Меҳнатобод ва Деваштич ноҳиясининг Яхтан ва Ғазантарак қишлоқ жамоатларини ўз ичига олган 25-Спитамен бир мандатли сайлов округидан сайланган депутат Аҳмадзода Бахтиёр Ҳикматулло ҳам сайловчилар билан қатор учрашувлар ўтказди.
Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлисининг Энергетика, саноат, қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича комитети раисининг ўринбосари Бахтиёр Аҳмадзода дастлаб Спитамен ноҳиясининг Хуррамзамин, Сарбанд, Тағояк, Куруш, Истиқлол, Т.Ўлжабоев номли қишлоқ жамоатлари аҳолиси билан учрашиб, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Олий Мажлисга йўллаган Паёмида эътибор қаратилган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ҳақида тўхталди.
– Паёмда сўнгги етти йилда миллий иқтисодиёт ривожининг суръати ўрта ҳисобда 7,5 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 баравар ошганлигини таъкидлаган Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон савдо низолари, минтақавий можаролар, халқаро молиявий-иқтисодий муносабатлар тизимининг бузилиши ҳамда уларнинг миллий иқтисодиётга бевосита таъсиридан қатъий назар, ана шундай юқори кўрсаткичга эришганимизга алоҳида урғу берди, -деди Бахтиёр Аҳмадзода.
Миллат пешвоси Паёмида тилга олинган саноат соҳаси тараққиёти, хусусан, 2022-2026 йилларнинг «Саноатни ривожлантириш йиллари», дея эълон қилиниши ортидан фақатгина сўнгги икки йилда мамлакатда 11 минг иш ўрнига эга 1200дан ортиқ янги ишлаб чиқариш корхона ва цехлари таъсис этилгани ушбу ташаббуснинг муҳим эканлигини яна бир марта исботлагани таъкидланди.
Қолаверса, энергетика соҳасидаги ютуқлар ҳам салмоқлидир. Жумладан, 2023 йилда Тожикистон энергетика иқтидори 6 минг мегаваттдан зиёд ва электр энергияси ишлаб чиқариш 22 миллиард киловатт-соатни ташкил этган, бу 2017 йилга нисбатан 4,8 миллиард киловатт-соат ёки 28 фоизга кўп демакдир.
Бундан ташқари, Миллат пешвоси ўз Паёмида мамлакат Ҳукумати, Энергетика ва сув захиралари вазирлиги ҳамда бошқа тегишли тузилма-ю органлар зиммасига амалий чора-тадбирлар кўриш учун олтита муҳим топшириқ юклагани келгусида энергетика соҳасининг янада ривожланишига имкон беради.
Бахтиёр Аҳмадзода ўз учрашувларида аср иншооти номини олган ҳамда юртимизнинг энергетик мустақиллигини таъминлайдиган «Роғун» ГЭСида олиб борилаётган қурилиш ишлари, унинг республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги роли ҳақида тўхталар экан, Давлат раҳбари Паёмда: -«Биз 2025 йилда «Роғун» ГЭСининг учинчи агрегатини фойдаланишга топширишни мақсад қилганмиз», – деган сўзларини яна бир марта халққа етказди ва ушбу стратегик иншоотдаги қурилиш ишларининг қайта бошланишида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг тенгсиз хизматларини алоҳида эътироф этди.
Ҳарбий қисмлардан бирида ўтган учрашувда мустақиллик йилларида Миллий Армиянинг иқтидорини мустаҳкамлаш, ҳарбий қисмларда замонавий шароитларни муҳайё этиш, офицер ва аскарлар учун муносиб хизмат муҳитини яратиш, ёшларни ватанпарварлик ҳамда халқу Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш каби масалалар Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони, армия генерали муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг доимий диққат марказида эканлиги, навбатдаги Паёмда ҳам бу масалага алоҳида тўхталгани тилга олинди.
Спитамен ноҳияси Маданият қасрида соғлиқни сақлаш ва маориф соҳалари вакиллари билан ташкил этилган суҳбатда ушбу соҳалар ривожи мамлакат Ҳукумати ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларини ташкил этиши, уларни молиялаштириш йилдан-йилга ортиб бораётгани, давлат бюджети ва саховатли тадбиркорлар томонидан ўнлаб таълим ва тиббиёт муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани, кетма-кет иккинчи йилдирки, соҳа ходимларининг иш ҳақи оширилаётгани, шу билан бирга, республика парламенти томонидан ҳам бу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиб борилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Зафаробод ноҳиясининг Меҳнатобод ва А.Жомий номли қишлоқ жамоатлари аҳолиси вакиллари билан уюштирилган мулоқотда республикани коммуникацион боши берк кўчадан олиб чиқиш ва транзит давлатга айлантириш мақсадида, мамлакат Ҳукумати томонидан мустақиллик даврида республикада автомобил ва темир йўлларни қуриш ва қайта тиклаш, уларнинг инфратузилмасини бунёд этиш ҳамда соҳанинг техник иқтидорини мустаҳкамлаш мақсадида, 26,6 миллиард сомоний эвазига 58та давлат сармоячилик лойиҳаси амалга оширилгани таъкидланди.
Деваштич ноҳиясининг Яхтан ва Ғазантарак қишлоқ жамоатларида ўтган учрашувларда халқ вакили Бахтиёр Аҳмадзода ва Деваштич ноҳияси раиси Ашурали Жалилзода Миллат пешвоси Паёмида таҳлил қилинган ижтимоий-маданий соҳаларга ҳам эътибор қаратишди.
Хусусан, Тожикистон ташаббуси билан иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва музликларни асраш йўналишида қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциялари юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширганлигини қайд этишди.
Шунингдек, ўнлаб тарихий обидалар ва миллий-маданий қадриятларимиз ЮНЕСКО рўйхатидан ўрин олганлиги ҳам фахр билан эслатиб ўтилди.
Ўз навбатида, учрашувлар давомида сўзга чиққан иштирокчилар халқ вакилига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш баробарида, Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан илгари сурилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсатни доим қўллаб-қувватлаб, унинг ҳаётга татбиқ этилишида ўз ҳиссаларини қўшишларини билдиришди.
Зуҳриддин УМАРОВ,
журналист