МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУН МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
Ҳурматли Қуролли кучлар генераллари, зобиту аскарлари ва фахрийлари!
Барчангизни тожиклар янги давлатчилигининг асосий устунларидан бири бўлган мустақил Тожикистон Миллий армияси таъсис этилганининг 31 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман.
Уч ўн йилликдан ортиқ вақт мобайнида Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари бошқа ҳарбий тузилмалар шахсий таркиби ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан биргаликда тожиклар давлатининг мустақиллиги ва эркинлиги, аждодларимиз замини ва сарҳадлари, юртимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги ҳамда мамлакат халқининг тинч-осойишта ҳаётини ишончли қалқон сифатида ҳимоя қилиб келмоқдалар.
Тожикистон Қуролли кучлари мустақиллик даврида қўлга киритилган энг муҳим ютуқлардан биридир.
Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари ташкил этилган дастлабки кунларданоқ муқаддас ва шарафли, бироқ ўта мураккаб ва масъулиятли вазифалар – конституцион ҳокимиятни тиклаш, давлат эркинлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлат ва жамият хавфсизлиги ва осойишталигини муҳофаза қилишни ўз зиммаларига олдилар.
Ушбу тантанали лаҳзаларда мен фахр билан айтмоқчиманки, Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари Тожикистон халқи ва тожиклар давлати учун ғоят нозик ва ҳал қилувчи дамларда мардонавор ва тарихий хизмат қилдилар.
Бинобарин, барча Қуролли кучлар шахсий таркибига, бошқа ҳарбий тузилмалар ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига Тожикистон давлати ва халқи олдидаги содиқ хизматлари учун миннатдорчилик билдираман.
Тожикистон давлати ва Ҳукумати мамлакат сарҳадларини муҳофаза қилиш, давлат ва миллат хавфсизлигини, жамият барқарорлигини таъминлаш замонавий жиҳозланган Қуролли кучлар иштирокисиз мумкин эмаслигини англаган ҳолда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Миллий армия ва бошқа ҳарбий қисмларни ташкил қилишга киришди.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида, яъни мустақиллик йилларининг ибтидосида жонажон Тожикистонимиз шиддатли сиёсий зиддиятлар гирдобида ва кейинчалик уюштирилган фуқаролик уруши оловида қолиб кетди ва бу фожиали воқеалар давлатчиликнинг энг муҳим масаласини, яъни Қуролли кучлар ташкил қилиш масаласини ҳал этишни орқага сурди.
Бироқ, ўша оғир иқтисодий-молиявий қийинчиликларга қарамай, биз Миллий армиямизни амалда бўш жойда ташкил қилдик ва сўнгра махсус ҳарбий қисм ва бўлинмаларни ташкил қилиш, ҳарбий мутахасссиларни тайёрлаш ва Қуролли кучларимизни техника ва жиҳозлар билан таъминлашга киришдик.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Қуролли кучларимиз ҳарбий хизматчилари таъсис этилган дастлабки кунларданоқ уюштирилган фуқаролар жангининг аёвсиз тўқнашувларида юксак ватанпарварлик туйғуси, масъулият ва тарихий бурчни англаган ҳолда фаол иштирок этдилар ва чиниқдилар.
Бугун биз ғурур билан айта оламизки, ҳарбий хизматчилар – Ватаннинг ор-номусли фарзандларининг жасорати, матонати, мардоналиги ва фидойилиги туфайли конституцион ҳокимият тикланди ва юртимизда тинчлик-осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирлик учун мустақкам пойдевор яратилди.
Эслатиб ўтмоқчиманки, Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари кейинги даврларда ҳам тожик халқининг хоинлари ва душманларига қарши мардонавор кураш олиб бордилар, жасорату мардлик синовидан ғурур билан ўтдилар ва бу йўлда минглаб ҳарбийлар ўз жонларини фидо қилдилар.
Яъни юртдошларимизнинг тинч-осойишта ҳаётига тожик халқининг минглаб ватанпарвар, фидойи ва ор-номусли фарзандларининг жони эвазига эришилди.
Тожикистоннинг шарафли халқи ва хусусан, ёшлар буни ҳамиша ёдда тутиши, юртимиз тинчлиги ва осойишталигининг бардавомлигига шукроналар келтириши, мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш йўлида саъй-ҳаракат қилиши лозим.
Сўнгги вақтларда дунёдаги вазият тобора мураккаблашиб ва кескинлашиб бормоқда, дунёнинг қайта тақсимланиш жараёни, шиддатли қуролланиш, “совуқ уруш”нинг янги босқичи, замонавий хавфу хатарлар – терроризм, экстремизм, қурол-яроқ савдоси, кибержиноятлар ва бошқа уюшган трансмиллий жиноятчиликлар тобора кучайиб бормоқда.
Яъни охирги пайтларда инсоният тарихда мисли кўрилмаган ўта нозик ва хатарли босқичга кирди.
Бундай шароитла жамиятнинг ҳар бир ўзлигини англаган фуқароси, энг аввало, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сиёсий ҳушёрликни қўлдан бой бермасдан, халқимиз ҳаётининг улуғ неъмати – мустақиллик ва эркинликни, давлат ва жамият хавфсизлигини, сиёсий барқарорлик ва миллий бирдамликни ҳимоя қилиш учун саъй-ҳаракат қилишга вазифадордир.
Тожикистон давлати ва Ҳукумати мамлакат мудофаа қудратини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширишда давом этади.
Бугунги кунга қадар Қуролли кучлар шахсий таркиби, бошқа ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун энг яхши хизмат ва турмуш шароити муҳайё қилинган ва биз бу жараённни изчил давом эттирмоқдамиз.
Шу муносабат билан Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва қўмондонлик таркиби зиммасига яна бир марта ҳарбий қисм ва бўлинмаларда тарбиявий ишлар даражаси ва сифатини ошириш, юқори малакали ҳарбий мутахассислар тайёрлаш, кадрларни тўғри жойлаштириш, шахсий таркибни ватанпарварлик ва юксак миллийлик руҳида тарбиялаш масалалари бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга ошириш вазифасини юклайман.
Бу жараёнда замонавий техника ва технологияларни, ҳарбий восита ва ускуналарни ўзлаштириш, зобит ва аскарларнинг тил ўрганиши масалаларига доимий ва жиддий эътибор қаратилиши зарур.
Шунингдек, барча раҳбарлар ва қўмондонлик таркибига ҳарбий низомлар талаблари, интизом ва тартибга қатъий риоя қилиш, қонун устуворлиги ҳамда ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг юқори савиядаги жанговар шайлигини таъминлашга биринчи даражали эътибор қаратишлари лозимлигини яна бир марта таъкидлаб ўтмоқчиман.
Мамлакатимиз Қуролли кучлари, бошқа ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шахсий таркиби ўз ҳарбий қасамёдларига садоқат билан келгусида ҳам давлат ва жамият хафвсизлигини таъминлаш, аждодларимизнинг муқаддас тупроғи сарҳадларини муҳофаза қилиш, Тожикистон халқининг тинч ҳаёти ва яратувчанлик ғояларини ҳимоя қилишда ўз йигитлик бурчларини ғурур билан адо этишларига комил ишонч билдираман.
Яна бир марта мамлакатимиз Қуролли кучлари, бошқа ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг барча зобит ва аскарларини мустақил Тожикистон Миллий армияси ташкил топган кун муносабати билан самимий табриклаб, уларнинг барчасига сиҳат-саломатлик, мустаҳкам, синмас ва букилмас ирода тилайман.
Байрам муборак бўлсин, Ватаннинг мард ва жасур ҳимоячилари!