Трансчегаравий дарёлар ва бошқа сув ҳавзалари ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақирилди
Туркманистон ҳукумати Афғонистонни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда трансчегаравий дарёлар ва бошқа сув ҳавзалари ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақирди. Бу ҳақда Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Туркманистонга ташрифи чоғида маълум қилинди.
Жумладан, Туркманистон томони Афғонистонни учта жиҳатга эътибор қаратишга чақирди:
– реал эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда трансчегаравий дарёлардан илмий асосланган ҳолда сув олиш;
– трансчегаравий дарёларда қурилаётган гидротехник иншоотларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
– трансчегаравий дарёлар бўйида жойлашган барча давлатларнинг манфаатларини сўзсиз ҳурмат қилиш.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Афғонистон томонидан Амударё ва унда қурилаётган Қўштепа канали ҳақида сўз юритилмаган, бироқ, гап шу ҳақда кетаётгани аниқ, деб ҳисобламоқда Turkmen.news.
Ҳозир Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Амударёдан сув олишни тақсимлаш бўйича келишув мавжуд, аммо Афғонистон унга қўшилмаган.
Кузатувчилар Қўштепа канали қурилиши туфайли бу мамлакатларда сув етарли бўлмай қолишидан хавотирда. Шу билан бирга, экспертлар канал ишга туширилгач, Афғонистон халқаро шартномаларга қўшилишига умид билдирмоқда.