Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқи Завқизода Барқарор ривожланиш мақсадлари форумида иштирок этди
Тожикистон делегацияси Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш мақсадлари форумида иштирок этди
2024-йил 13-14-март кунлари Тожикистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқи Завқизода бошчилигидаги мамлакат расмий делегацияси Швейцариянинг Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа минтақаси учун иқтисодий комиссияси доирасида бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш мақсадлари форумида иштирок этди.
Бу ҳақда “Ховар” ТМАА республика Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигига таяниб хабар берди.
Форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа минтақаси бўйича Иқтисодий комиссиясига аъзо давлатлар ўртасида юқори даражадаги мулоқот бўлиб ўтди ва иштирокчилар 2030 йилга мўлжалланган кун тартибини тўлиқ амалга ошириш борасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Завқи Завқизода Тожикистон Республикаси Президенти, Муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг оқилона сиёсати остида Тожикистон “Кун тартиби-2030” ва Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга оширишда салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади. Хусусан, жаҳон иқтисодий инқирозининг салбий таъсиридан қатъи назар, 2015-2023-йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг ўртача йиллик ўсиши 7,5 фоизга таъминланди, ялпи ички маҳсулот 3 баробарга ўсди, қашшоқлик даражаси 1,6 бараварга камайди; ва натижада халқаро молия ташкилотлари Тожикистоннинг бу борадаги тажрибасини эътироф этиб, муваффақиятли тажриба деб топилди.
Тожикистон делегацияси ҳам форумнинг қашшоқлик даражасини пасайтириш – Барқарор ривожланиш мақсадлари 1 ва рақамлаштиришга ўтиш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш – Барқарор ривожланиш мақсадлари 17-га бағишланган алоҳида сессияларида ҳам иштирок этди ва сўзга чиқди.