Отабек Ғойибнинг «Қуёш этагидаги қишлоқ» китоби нашр этилди

Наврўз байрами муносабати билан тожикистонлик ўзбек ёзувчиси Отабек Ғойибнинг янги китоби нашр этилди. Китоб «Қуёш этагидаги қишлоқ» деб номланган бўлиб, ёзувчининг туғилган қишлоғи, маҳаллий аҳоли ва ушбу қишлоқ ва унинг атрофида содир бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади.
Отабек Ғойиб бу китоб устида кӯп изланди ва унинг ўқувчилар қўлига етиб боришига ҳаракат қилди. Аммо умр вафо қилмади.
Бироқ ёзувчининг узоқ йиллик дўсти Абдулла Насриддиннинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан китоб нашр этилди, бу жуда хайрли иш бӯлди.
Отабек Ғойиб узоқ йиллар «Тожикистон» радиоси ва «Овози тожик» каналида ишлаган. Журналист сифатида у доимо ўз касбига содиқ қолди.
Ёзувчи адабиёт майдонида ҳам ўз ўрнига эга эди. У Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг аъзоси эди. Китобхонлар ёзувчининг ўзбек ва тожик тилларида ёзилган ҳикоя ва қиссалар билан яхши таниш.
Умид қиламизки, унинг «Қуёш этагидаги қишлоқ» китоби ҳам бадиий сўз ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинади.
Зуҳриддин Умаров