МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ХУЖАНД ҚАЛЪАСИ ОЧИЛИШИ МАРОСИМИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ХУЖАНД ҚАЛЪАСИ ОЧИЛИШИ МАРОСИМИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
Азиз ватандошлар!
Қадрли иштирокчилар!
Яна бир марта Тожикистоннинг шарафли халқи ва Суғд вилояти аҳолисини муқаддас қадимий байрамларимиз – Наврўз, Рамазон ҳайити ва Тожикистон халқи ҳамда мамлакатимиз меҳмонларига қимматли Наврўз совғаси бўлган, қайта тикланган тарихий-маданий обида – Хужанд қалъасининг очилиши билан самимий табриклайман.
Тарихий манбалардан маълумки, маданиятли тожик халқи меъморчилик ва бунёдкорлик, шаҳар қуриш ва шаҳарга эгалик масалаларида олти минг йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, башарият маданияти тарихида беқиёс ўрин тутган.
Мустақиллик ва озодлик бизга қадимий халқимизнинг бой ва ранг-баранг тарихини тиклаб, уни дунё аҳлига танитиш, аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириш, башар аҳлига тожик миллатимиз маданиятли, маърифатли, шаҳарга эга бўлган, қалам ва китоб соҳиби ҳамда доимо бунёдкор ва яратувчан эканимизни исботлаш учун имконият яратди.
Биз азалий тарихий қадриятларимиз, урф-одат, анъана ва миллий удумларимизни қайта тиклаб, уларни қадим тарихга эга халқимизнинг ўзлигини англаш ва миллий ўзига хослик туйғуларини юксалтириш йўлида ривожлантирмоқдамиз.
Мамлакат ҳукумати тарихий-маданий меросни тиклаш, ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш масаласига доимий эътибор қаратади.
Мустақиллик даврида мамлакатимизда 100дан ортиқ тарихий-маданий ёдгорликлар таъмирланиб, ўнлаб халқаро миқёсдаги байрам ва тадбирлар ўтказилди.
Муғ қалъаси, Саразм шаҳарчаси, қадимий Панжакент музейи, академик Бобожон Ғафуров музейи, машҳур тожик шоири Камол Хужандий юбилейи ва бошқа ўнлаб ташаббус ва чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
Республика кўрик-танловларининг ўтказилиши, “Ахтарони адаб” туркум китобларининг нашр этилиши, юртимиздаги ҳар бир оилага “Тожиклар” китобининг етказиб берилиши, ўнлаб театр, маданият қасрлари, кутубхоналар ва маданият боғларининг бунёд этилиши давлат Мустақиллиги даврида миллий маданият соҳасида эришилган ютуқлар ҳисобланади.
Айни дамда улар мамлакатимиз аҳолиси, хусусан, ўсмирлар ва ёшларни ватанпарварлик, миллийлик, ўзлигини англаш ва гўзалликка интилиш руҳида тарбиялаш учун хизмат қилмоқда.
Аждодларимиз тарихи ҳамда маданиятини қадрлаш ва шунинг заминида азиз Ватанимизнинг тарихий мавзеларини тиклаш ва обод этиш тожик халқининг муҳим удумларидан, хусусан, Наврўз байрамининг эзгу хусусиятларидан бири саналади.
Тожикистон 1993 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, илм ва маданият масалалари бўйича нуфузли тузилмаларидан бири бўлган ЮНЕСКО аъзолигига қабул қилинди.
Шундан сўнг биз тожик миллатининг тарихий ва маданий иншоотларини жаҳон аҳлига таништириш учун ҳаракат қилдик.
БМТ томонидан аждодий Янги йилимиз-Наврўзнинг халқаро мақом касб этгани ва “Шашмақом”, чакан, атлас, адрас ва тожикларнинг бошқа қадрият ҳамда асарлари ЮНЕСКО томонидан умумбашарий мерос сифатида эътироф этилгани бугунги кунда ҳар биримизнинг ифтихоримиз боисидир.
Фақатгина 2023 йилда биз тожикларнинг 12та тарихий ва маданий иншоотини ЮНЕСКОнинг моддий ва номоддий маданиятлар рўйхатига киритишга муваффақ бўлганимиз фахрланарлидир.
Тарихимиз ва миллий маданиятимизни имкон қадар кўпроқ жаҳон аҳлига таништириш, тожиклар тарихи ва маданиятига жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб этиш, тарихий ва маданий ёдгорликларни таъмирлаш, тиклаш ва ҳимоялаш, тарихий ва маданий сайёҳликни ривожлантириш, миллий қадриятлар ва манфаатларни ҳимоялаш мақсадида биз бундан бир неча кун олдин Мамлакат ҳукумати қошида алоҳида давлат тузилмаси-Тарихий ва маданий меросни ҳимоялаш агентлигини ташкил этдик.
Азиз дўстлар!
“Буюк ипак йўли ёдгорликларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг 2019 йилда бўлиб ўтган якуний йиғилишида Суғд вилоятининг 6та тарихий-маданий ёдгорлиги, жумладан, Хужанд қалъаси “Буюк ипак йўлидаги Марказий Осиё ёдгорликлари: Фарғона-Сирдарё ўтиш нуқтаси” силсилавий мукофот учун ЮНЕСКО умумбашарий маданий меросларнинг дастлабки рўйхатига ёзилди.
Бугун фойдаланишга топширилган “Қалъаи Хучанд” маданий ва тарихий мажмуасининг қайтадан қурилгани Мамлакат ҳукуматининг маданиятпарвар ташаббусларининг давоми ҳисобланади.
Хужанд қалъаси қадим тарихга эга бўлган энг катта қалъалардан бири ҳисобланиб, унинг қолган қисми бугунги Хужанд шаҳрининг марказида, Сирдарёнинг чап қирғоғида жойлашган.
Бу қалъа милоддан олдинги еттинчи асрларда бунёд этилган бўлиб,
ўн тўққизинчи асргача мавжуд бўлган.
Археологик қазилмалар натижасида Хужанд қалъасидан тожик халқининг фахрланарли тарихий даврлари, яъни ҳахоманишийлар, Селевкийлар, Юнон ва Бохтар, ҳайтолийлар, Сомонийлар ва шуларга ўхшаган даврларнинг нодир топилмалари қўлга киритилди.
Хужанд қалъаси баъзи манбаларда Александрия Эсхата номи билан ҳам эсга олинган бўлиб, тожик халқи қаҳрамони Темурмаликнинг ажнабийларга қарши курашлари худди мана шу қалъадан бошланган.
2019-2020 йиллардаги иш мавсумида Хужанд қалъасида археологик экспедиция ташкил этилиши ва қазиш ишлари олиб борилгани археологлар томонидан турли даврлардан сақланиб қолган топилмаларнинг топилиши ҳамда қалъа тарихий ва сайёҳлик мавзеларидан бирига айланиши учун имкон берди.
2024 йили илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш ва Хужанд қалъасини археологик жиҳатдан ўрганиш учун зарурий маблағлар ажратилган бўлиб, айни пайтда қидириш ишлари давом этмоқда.
ҳозирги замонда, айниқса, маданиятлар ва турли қадриятлар тўқнашуви борган сари кескинлашиб бораётган бир пайтда, фақатгина тарихни чуқур ўрганиш ва бой тарихий-маданий меросни тарғиб-ташвиқ этиш орқали глобаллашув йўналишларининг салбий таъсирига бардош бера олиш имкони бўлишини бир неча марта таъкидлаган бўлсам ҳам, қулай фурсатдан фойдаланиб, яна бир марта эслатмоқчиман.
ҳақиқатан ҳам, тожик халқининг қадимий ва фахрланарли тарихи, аждодларимизнинг қимматбаҳо моддий ва маънавий мероси, жумладан, тарихий ёдгорликлар жамиятнинг ҳар бир фуқароси, хусусан, ўсмирлар ва ёшлар учун ўзлигини англашнинг энг улкан мактабидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда уч мингдан ортиқ тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири маҳаллий ва чет эллик олимлар ҳамда сайёҳлар ва меҳмонларнинг эътиборини ўзига тортади.
Шу йўналишда “Қалъаи Хуxанд” маданий ва тарихий мажмуасининг фойдаланишга топширилиши аждодий Янги йилимиз бошланишида мамлакатимиз маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.
Вилоят раҳбарлари, фаоллар ва ор-номусли тадбиркорлар иштирокидан фойдаланиб, бугунги тадбирда бир масалани таъкидлашни истардим.
Барчангиз ҳозирги замоннинг ўта мураккаб ва пўртанали вазиятидан хабардорсиз. Бугунги шароитда биз имкон қадар кўпроқ меҳнат қилишимиз, бунёдкорлик ишлари билан шуғулланишимиз, Ватанимизни янада обод этишимиз, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишимиз, янги ишлаб чиқариш корхона ва цехларини барпо этишимиз, ҳамюртларимиз учун иш ўринлари яратишимиз ва меҳнат муҳожирлиги даражасини камайтиришимиз керак.
Бунинг учун вилоятда, хусусан, маҳсулотни қайта ишлаш, ҳунармандчилик ва косиблик-атлас, адрас тўқиш, қўлда гилам тўқиш, заргарлик, ўймакорлик ва бошқа қўл ҳунарларини ривожлантириш учун барча шароит ва имкониятлар мавжуддир.
Мен куни кеча вилоят раҳбарлари ва фаоллари билан бўлиб ўтган иш йиғилишида бу йил тожиклар мустақил давлатининг дастлабки Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги, яъни мамлакатимиз учун яна бир эсда қоларли тарихий йил эканлигини айтдим. Биз бу тарихий санани барча соҳаларда муносиб ютуқлар билан кутиб олишимиз керак.
Шунингдек, биз муқаддас ва улкан миллий байрамимиз-давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш учун ҳар бир кундан яратувчанлик ва ободончилик ишларини кенгайтириш йўлида самарали фойдаланишимиз лозим.
Суғд вилоятининг меҳнатсевар халқи ҳар доимгидек шараф билан бу ишларнинг уддасидан чиқа олишларига ишонаман.
Яна бир марта азиз Тожикистоннинг халқини, Суғд вилоятининг шарафли ва меҳнатсевар аҳолисини, қадимий Хужанд шаҳрининг фуқароларини Сиз-ҳурматли қатнашчиларни халқаро Наврўз байрами, муборак Рамазон ҳайити, янги тарихий ва маданий масканнинг очилиши муносабати билан чин дилдан табриклаб, ҳар бирингизга саодатли турмуш, баракали ҳаёт ва юксак иқбол тилайман! ҳамиша саломат ва муваффақ бўлинг!