“ҚАЛЪАИ ХУҶАНД” ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ МАЖМУАСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ
11 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларига иш сафарининг учинчи кунида Хужанд шаҳрида “Қалъаи Хуҷанд” тарихий-маданий мажмуасига ташриф буюриб, тожикларнинг мардлик, жасорат, ўзликни англаш ва ватанпарварлик тимсоли сифатида танилиб, ушбу ҳудуд аҳолисининг озодлиги ва тинч ҳаётини ҳимоя қилишда ишончли истеҳком сифатида самарали рол ўйнаган ушбу ҳашаматли бинони қайта тикланиб, реконструкция қилинганидан сўнг фойдаланишга топширди.
Қалъанинг кириш қисмида миллатнинг бунёдкор ва яратувчи, обод этувчи ва бирлаштирувчи раҳнамоси муҳтарам Эмомали Раҳмонни Хужанд шаҳри аҳолиси, турли касб эгалари, вилоят илм ва маданият аҳли чексиз самимият ва эҳтиром билан кутиб олдилар.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида Хужанд қалъасини тиклаш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ барча чора-тадбирлар тожик халқининг ушбу бебаҳо қадимий меросининг тарихий жойида олти йил давомида юксак даража ва сифатда амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, Хужанд қалъасини тиклаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалаш ишлари бошланишидан олдин Маданият вазирлиги, Меъморчилик ва қурилиш комитети мутахассислари, археологлар, тарихчилар ва этнографлар томонидан иншоот жойида археологик, муҳандислик, топографик, геологик, қазиш ишлари ва илмий-амалий изланишлар олиб борилиб, батафсил ва аниқ хулосалар тақдим этилди. Шу тариқа, олимлар ва мутахассисларнинг таклифлари асосида қалъани тиклаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, ушбу қадимий обиданинг тарихий белгилари тўлиқ сақланиб қолинди.
Маълумотларга кўра, Хужанд қалъасининг бунёд этилган ва қайта тикланган иншоотининг умумий майдони олти гектарни ташкил қилади.
Сўнгги бир неча йиллар давомида олиб борилган археологик қазишмалар натижалари ва нодир топилмалар шуни кўрсатадики, Хужанд қалъаси чиндан ҳам қадимий тарихга эга бўлиб, уни ҳимоя қилиш ва сақлаб қолиш тожик халқи тарихи ва маданиятини намойиш қилишда зарур ва муҳим аҳамият касб этади.
Ишончли истеҳком сифатидаги уч минг йиллик тарихга эга бўлган Хужанд қалъаси давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органи маблағлари ҳисобидан қайта тикланди.
Лойиҳа асосида қалъа атрофидаги деворлар, унинг арка ва дарвозалари тикланиб, маъмурий бино асоси, ҳунармандлар расталари, миллий ошхона, Хужанд шаҳрининг қадимий уйлари ва ҳовлилари намуналари, меҳмонхона ва музей, чойхона, тожик халқи миллий таомларини тайёрлаш учун усти ёпиқ расталар, ҳаммом ва хизмат кўрсатиш нуқталари ва бошқа ёрдамчи иншоотлар қурилди. Жумладан, Хужанд қалъасининг жанубий қисмида бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, 8та кенг ҳунармандлик расталари ташкил қилиниб, уларда ҳунармандларнинг кўплаб турдаги қандолатчилик, наққошлик, кулолчилик маҳсулотлари, турли пичоқлар, қўлда тўқилган гиламлар, эркаклар ва аёллар миллий кийимлари, адрасу атлас, заргарлик буюмлари, сувенирлар ва миллий чолғу асбоблари намойиш этилмоқда.
Қадимий Суғд заминида азалдан ҳунар ва қўл меҳнати маҳсули юксак қадрлангани, ушбу маданият ва тамаддуннинг ўзига хос меҳру муҳаббатга эга бўлган чинакам ворислари барча давру замонларда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ва қайта тиклаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилгани таъкидланди. Кўплаб интилишлар ва саъй-ҳаракатларга қарамай, халқ ҳунармандчилигининг кўп қисми тарих йилномаларида унутилиб, қарийб йўқ бўлиб кетаёзган эди. Бироқ мустақиллик даврида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббус ва бошламалари билан халқ ҳунармандчилиги қайта тикланиб, ҳунармандлар учун қулай шароитлар яратилдики, Хужанд қалъасида ҳунармандлик расталарининг бунёд ва ташкил этилиши унинг ёрқин мисолидир.
Давлатимиз раҳбарининг беқиёс ташаббуси сабабли ҳунармандлар мазкур расталарда ўз фаолияти билан машғул бўлиб, яратган меҳнат маҳсулини Хужанд шаҳри ва унинг ҳашаматли қалъасини томоша қилиш учун ташриф буюрган кўплаб сайёҳлар ва меҳмонларга намойиш этмоқдалар.
Суғд вилоятининг шаҳар ва ноҳияларида 15 минг нафардан ортиқ ҳунарманд самарали фаолият юритаётгани маълум қилинди. Ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ва буюмлар сайёҳлик соҳасини ривожлантириш тармоқларидан бири ҳисобланиб, ҳунармандлар иқтисодий аҳволи ва аҳоли фаровонлигига катта таъсир кўрсатади.
Ушбу масканда миллий таомларни тиклаш ва намойиш этиш учун миллий ошхонанинг таъсис этилиши муҳим ва ўз вақтидаги тадбир, дея баҳоланди.
3365 метр квадрат майдонда қад ростлаган тожик халқи тарихи ва маданияти кўргазма залларининг ҳашаматли ва нақшинкор биноси битта асосий гумбаз, иккита ўрта гумбаз ва тўртта кичик гумбаздан иборат.
Бешта кўргазма залига эга бўлган бинони безашда ўймакорлик, наққошлик, ёғоч ва тошга ишлов бериш, ганчкорлик, кошинкорлик каби тожик миллий меъморчилик санъатидан кенг фойдаланилган.
Наққошлик миллий меъморчилик санъати билан безатилган “Хужанд илмий-адабий майдони” залида Хужанд шаҳри олимлари, таниқли тожик шоирлари ва машҳур ҳунармандлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар тўпланиб, ўтмиш ва бугунги давр олимлари ва зиёлиларининг Хужанд ва унинг қалъаси ҳақидаги фикрлари, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг қалъа тарихига бағишланган маърузаси ва бошқа зарур материаллар мавжуд. Ушбу залда Хужанд шаҳрининг тўрт нафар таниқли шахси –Зиёуддин Порсиӣ, Шайдо Хуҷандиӣ, Садруддин Хуҷандиӣ ва Султон Умаровнинг ҳайкали, шунингдек, илм ва адабиёт билан боғлиқ қўлёзмалар, қаламдон, сиёҳдон, қалам, ёзувли кўзача ва обдасталар каби экспонатлар намойишга қўйилган.
“Тасвирий санъат ва амалий ҳунармандчилик” залидан Хужанд ҳунармандлик маҳаллалари харитаси ва вилоятнинг моҳир ҳунармандлари суратлари, наққошлик, рассомлик, каштачилик, мисгарлик, ўймакорлик ва чолғу асбоблари каби халқ ҳунармандчилиги намуналари ўрин олган.
“Тожикистон мустақиллиги” зали усталар Даврон Раҳматзод ва Мунира Турсунова томонидан яратилган барелеф билан бошланади. Ушбу барелеф Мустақиллик декларациясининг эълон қилинишидан бошланиб, унда фуқаролик уруши даврлари, Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг тақдирсоз XVI сессияси жараёни, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг давлат раҳбари этиб сайланиши, стратегик мақсадларнинг амалга оширилиши, миллий бирликни мустаҳкамлаш, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳамда Миллат пешвосининг глобал ташаббуслари инъикос этилган.
Иншоотнинг ертўла қисмида Сирдарёнинг ўрта сув минтақаси археологик топилмалари, турли тарихий даврларга оид тангалар ва бошқа экспонатлар жойлаштирилиб, шу билан бирга, анжуманлар, йиғилишлар, мулоқоту учрашувлар ўтказиладиган жой, хизмат кўрсатиш ва техник хоналар ҳамда рассомлик устахоналари мавжуд.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон йиғилган экспонатларнинг юксак тарихий аҳамиятини инобатга олган ҳолда мутасаддилар зиммасига юртимиз аҳолиси, ўсиб келаётган ёш авлод, ички ва хорижлик сайёҳларни бой тарих ва тамаддунимиз билан таништириш йўлида мажмуа фаолиятини кўпроқ тарғиб қилиб, унинг гўшаларини таништириш учун энг яхши мутахассисларни жалб этиш вазифасини юклади.
Қалъанинг шимолий-шарқий қисмида амалга оширилган яна бир ташаббус қадимий Хужанд маҳалласини бунёд этишдир. Уйлар ва ҳовлилар, асосан, ишчилар, тижоратчилар ва ҳунармандлар табақаси ҳамда шаҳар маданий жамиятининг бошқа қатламларига тегишли бўлиб, уларнинг тикланиши ва бунёд этилиши Хужанднинг қадимий шаҳарсозлик анъаналарини дунё аҳлига тақдим этиш имконини беради.
Хужанд шаҳрининг қадимий уйлари ва ҳовлилари намунасини бунёд этиш асосан, этнографлар маслаҳати ва тавсияси билан амалга оширилди. Бу уйлар тўлиқ табиий материаллардан, жумладан, лой ва ёғочдан қурилган бўлиб, қадимий уйларнинг дарвоза, устун ва томлари тўлиқ ўймакорлик қилинган ва безак ишларини асосан, тажрибали рассомлар бажарган.
Этнографларнинг фикрича, ушбу ҳовли ва хоналар шаҳар аҳолисининг тарихий даврлардаги турмуш тарзи ва анъаналарини акс эттиради. Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши тожик халқининг дунё аҳли эътироф этган миллий меъморчилик санъати шаклланишида салмоқли рол ўйнайди.
Бу ерда, шунингдек, тарихий маҳалладорликнинг рукни сифатида ҳаммом, меҳмонхона ва миллий чойхона ҳам қурилган.
Хужанд қалъаси ҳудудида 60 ўринга мўлжалланган миллий чойхонада ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик ва беқиёс наққошлик санъатининг юксак ижроси бинонинг ташқи ва ички кўринишига ўзгача кўрк бағишлади. Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳунармандларнинг меҳнатига юксак баҳо берди.
Миллий чойхона ёнида, шунингдек, турли хил нон ва сомсалар, миллий таомларнинг кўплаб турларини тайёрлаш учун тўртта тандир ва ўчоқ қурилган.
Қалъа майдони ва унинг ички йўлаклари 12500 метр квадрат майдонда Хужанд гранит тошлари билан безатилиб, кўкаламзорлаштириш майдони 5 минг метр квадратни ташкил қилади.
Қалъа ҳудудида Суғд вилояти Исфара шаҳрининг моҳир усталари томонидан Усто Бурхон раҳбарлиги, маслаҳати ва тавсияси билан ўймакорлик усулида бунёд этилган иккита катта фаввора ва тўртта ёғоч айвон ушбу тарихий-маданий маскан чиройига ўзгача шукуҳ бағишлаган.
Хужанд қалъасини қайта тиклаш ва реконструкция қилиш жараёнида 20 дан ортиқ қурилиш ширкатлари, кўплаб моҳир тожик ҳунармандлари иштирок этиб, ушбу тарихий-маданий иншоотни қайта қуриш ва таъмирлаш билан боғлиқ ишлар сифати буюртмачи – давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органи Асосий қурилиш идорасининг доимий назоратида бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Хужанд қалъаси тарихидан нафақат мамлакат халқи, балки дунё аҳли воқифдир. Қазишмалар жараёнида қалъа ҳудудидан бир қанча тарихий-маданий қатламлар, жумладан, Хужанд шаҳрининг архаик деворлари қолдиқлари, бошоқли экинлар омбори қолдиқлари ва милоддан аввалги еттинчи-тўртинчи асрларга тааллуқли улкан ҳажмдаги лойдан ясалган идишлар топилди.
Эслатиб ўтамиз, тарихий Хужанд қалъаси шаҳар марказида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган.
Шунингдек, айтиш жоизки, Хужанд қалъаси мамлакат Сайёҳликни ривожлантириш комитети томонидан Тожикистоннинг 10та диққатга сазовор сайёҳлик масканлари рўйхатига киритилган.