ДУШАНБЕ ШАҲРИДАГИ ЭКСПО МАРКАЗИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ КОРХОНАЛАРИ МАҲСУЛОТЛАРИ КЎРГАЗМАСИГА ТАШРИФ

19 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкт Мирзиёев Душанбе шаҳрида ЭКСПО марказида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси саноат корхоналарининг маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Тожикистонда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасида 200та ишлаб чиқариш ва савдо ширкатлари томонидан автомобилсозлик, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, фармацевтика маҳсулотлари, шунингдек, қурилиш материаллари, парфюмерия, маиший буюмлар, 60 турдаги техника, полиграфия маҳсулотлари ва электрон-маиший техникаларнинг 1500 турдаги намунаси намойиш этилмоқда.
Кўргазмада Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев билан қўшни давлат саноат корхоналарининг молу маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди.
Давлатлар раҳбарлари ўз ҳукуматларига қўшма саноат корхоналари ташкил этиш, бир-бирларининг мамлакатларига маҳсулот импорт ва экспорт қилиш, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги молу маҳсулот айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар бердилар.
Молу маҳсулот кўргазмасининг ташкил қилиниши янги ҳамкорлар топиш ва савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришда муҳим омил, деб баҳоланди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликларни кенгайтиришга Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларининг устувор йўналиши сифатида қаралади. Бу эса ишбилармонлар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликларни барқарорлаштиришга реал асос бўлмоқда.
Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг қатъий иродаси ва оқилона ташаббуслари, дўстлик ва биродарлик илдизларини чуқурлаштириш орқали икки томонлама муносабатларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликларни ривожлантириш, тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, молу маҳсулот айланмасини ошириш, ҳар икки мамлакат захираларидан унумли фойдаланиш ва умуман олганда, муносиб турмуш даражаси ва сифатини яхшилашга ҳақиқий замин яратилмоқда.
Ҳамкорликларни кенгайтириш доирасида бугунги кунда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 400та қўшма саноат корхоналари самарали фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ишбилармонлари ва сармоядорлари мавжуд захиралар ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда савдо ҳамкорлигини босқичма-босқич кенгайтирмоқдалар.