ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ НАМОЯНДАЛАР МАЖЛИСИ РАИСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН МУЛОҚОТИ

19 апрел куни Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлиси Раиси Маҳмадтоир Зокирзоданинг давлат сафари билан Душанбега ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев билан мулоқоти бўлиб ўтди.
Намояндалар мажлиси Раиси ушбу мулоқот икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга жиддий туртки беришини таъкидлади.
Мустақилликнинг ўттиз йилдан ортиқ даврида икки мамлакат давлатлараро ва парламентлараро конструктив ҳамкорлик бўйича бой тажриба орттиргани айтиб ўтилди. Ушбу даврда ошкоралик, ишонч ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган икки томонлама стратегик шерикликнинг мустаҳкам ва кенг тизими йўлга қўйилди. Икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 200та ҳужжат, жумладан, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликларни тартибга солувчи стратегик шериклик тўғрисидаги келишув ташкил этади.
Тожикистон томони давлат ва миллат манфаати йўлида давлатлараро ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Тожикистон ва Ўзбекистоннинг мавжуд парламентлараро алоқалари кўп қиррали ва манфаатли ҳамкорликларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Қонунчилик палатаси ва Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлиси ўртасида 2019 йилнинг 7 октябрида Тошкент шаҳрида имзоланган Парламенлараро ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми ва 2020 йилнинг сентябр ойида Душанбе шаҳрида икки давлат парламентлараро дўстлик гуруҳи томонидан имзоланган Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги баённома ҳуқуқий асос эканлиги алоҳида таъкидланди.
Икки давлат парламентларида ташкил этилган парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг фаоллашгани, шунингдек, тегишли комитетлар ўртасидаги яқин алоқалар парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Суҳбат чоғида Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлиси икки давлат қонунчилик органларининг фаол ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаши айтиб ўтилди. Турли даражадаги сафарлар алмашинуви, турли тадбирларда иштирок этиш, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан очиқ мулоқотлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкон яратмоқда.