Марказий Осиё мамлакатлари етакчи экспорт институтларининг минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди

18-19 апрел кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи экспорт институтларининг минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашув Тожикистон Республикаси ҳукумати кўмагида экспорт агентлиги томонидан ўтказилди, унда Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистоннинг етакчи экспорт институтлари вакиллари, шунингдек, хусусий сектор вакиллари, ривожланиш бўйича шериклар, халқаро ва миллий экспертлар иштирок этди.
Саммитнинг мақсади Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи экспорт институтлари ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни мустаҳкамлаш, Тожикистоннинг экспортни ривожлантириш соҳасидаги тажрибасини тақдим этиш ва минтақада экспортни ривожлантириш ташаббусларининг барқарорлигини таъминлаш учун қулай савдо инфратузилмасини такомиллаштириш йўллари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат эди.
Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида товар, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, дастлабки босқичда ички бозорларни таъминлаш учун мамлакатларнинг салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланиш, сўнгра минтақа ва дунё мамлакатларига товар ва маҳсулотларни экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.