Давлат раҳбари Буюк Британия делегациясини қабул қилди

22 апрел куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Марказий Осиё мамлакатларига уюштириаётган сафари доирасида дастлаб Тожикистонга ташриф буюрган Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазири Дэвид Кэмеронни қабул қилди.
Учрашувда Тожикистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
– Биз Буюк Британияни Ғарбий Европада муҳим шерик, деб ҳисоблаймиз. Давлатимиз Қироллик билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратади, – деди Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон суҳбат аввалида.
Дэвид Кэмерон, ўз навбатида, Тожикистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали алоқаларнинг сезиларли даражада кенгайиши ва уларнинг яхши истиқболларидан мамнунлигини билдирди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар муҳокама қилинди.
Парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди.
Тожикистоннинг тоғ-кон, металлургия, енгил, озиқ-овқат, фармацевтика саноатлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасига Қироллик сармояларини жалб қилиш зарурлиги муҳим, дея баҳоланди.
Шунингдек, томонлар «яшил» энергия ишлаб чиқариш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «рақамли иқтисодиёт»ни илгари суриш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Давлатлар ўртасида сув ва иқлим муаммоларини ҳал қилиш, меҳнат муҳожирлиги ва давлатлар ўртасида авиация йўналишларини диверсификация қилишда ҳамкорлик ўрнатиш бугунги учрашувнинг бошқа мавзуларидан бўлди.
Учрашувда Тожикистон ва Қиролликнинг минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинди.