КИМЁВИЙ, БИОЛОГИК, РАДИАЦИОН ВА ЯДРОВИЙ ХАВФСИЗЛИК АГЕНТЛИГИ ФИЛИАЛИ ОЧИЛДИ

9 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бўстон шаҳрида Тожикистон миллий фанлар академиясининг Кимёвий, биологик, радиацион ва ядровий хавфсизлик агентлиги филиалини расман очиб берди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга маълум қилинишича, Тожикистон миллий фанлар академиясининг Кимёвий, биологик, радиацион ва ядровий хавфсизлик агентлиги филиали 2004 йилнинг август ойида Тожикистон миллий фанлар академияси бошқармаси қарори билан таъсис этилган.
Агентликнинг филиали маъмурият, илмий-тадқиқот, техник хизмат кўрсатиш, рухсатнома бериш, кимёвий, биологик, радиацион ва ядровий аварияларни текшириш бўлимларидан иборатдир.
Агентлик филиалининг Бўстон шаҳридаги янги биноси Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2020-2040 йилларни “Илм ва маориф соҳасида табиатшунослик, аниқ ва математика фанларини ўрганиш ва ривожлантириш йигирма йиллиги” деб эълон қилишга доир ташаббуси ҳамда 2014-2024 йиллар учун Уран маъдани чиқиндилари сақланадиган жойларни зарарсизлантириш ва соғломлаштиришга доир Тожикистон Республикаси Миллий концепциясини амалга ошириш мақсадида қурилган.
Агентлик филиалининг 607 метр квадрат майдонни эгаллаган янги биноси 2 қават ва ертўладан иборат бўлиб, Тожикистон миллий фанлар академиясининг асосий қурилиш бўлими инженер-бинокорлари томонидан қурилган.
Агентлик филиалининг биноси қурилиши 2021 йилнинг май ойида бошланиб, 2022 йилнинг июн ойида якунланди.
Бинонинг биринчи қаватида ходимларнинг иш кабинетлари, фуқаролар учун қабулгоҳ, филиал секторларининг иш кабинетлари, илмий-тадқиқот ва техник хизмат кўрсатиш бўлими, рухсатнома бериш, кимёвий, биологик, радиацион ва ядровий аварияларни текшириш сектори, мажлислар зали жойлашган.
Бинонинг иккинчи қаватида 40 ўринли кенг ва шинам зал, 2та махсус хона мавжуд бўлиб, Матбуот маркази ва Ўқув маркази учун мўлжалланган.
Ертўлада лабораториялар жойлашган бўлиб, 4та иш кабинетига эга. Радиохимия ва спектрометрия лабораториялари радиацион фон ва радиацион дозани ўлчаш, таҳлиллар ва илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга мослашган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Шунингдек, Агентлик филиалида радиоактив моддалар ва чиқиндиларни ташиш ҳамда радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланишини аниқлаш учун махсус машиналарга эга кўчма лабораториялар ташкил қилинган.
Давлат Сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон Агентлик филиалининг янги биносида яратилган иш шароити билан танишиб, Тожикистон миллий фанлар академиясининг бу тузилмаси ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш соҳасини тартибга солувчи ҳамда кимёвий ва биологик хавфсизликни мувофиқлаштирувчи давлат органи сифатида муҳим рол ўйнашини таъкидлади.
Агентлик филиалида 20 нафар ходим, жумладан, фан докторлари ва номзодлари фаолият юритади. Ходимларнинг асосий қисмини илғор мамлакатларнинг нуфузли илмий марказларида таҳсил олган ва тажрибасини ошириб келган ёшлар ташкил этади.