БЎСТОН ШАҲРИДА “ФУЛУЗОТИ НОДИРИ ТОҶИКИСТОН” ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАСИНИНГ ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ ИШГА ТУШИРИЛДИ
9 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятининг Бўстон шаҳридаги “Фулузоти нодири Тоҷикистон” ДУКнинг тикувчилик цехини фойдаланишга топширди.
Давлат Раҳбарига маълум қилишларича, мазкур тикувчилик цехида 45 нафар ишсиз хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланиб, уларнинг ойлик иш ҳақлари дастлабки босқичда 1800 сомонийни ташкил қилади.
Мазкур тикувчилик цехи Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси –Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг кўрсатма ва дастурлари асосида “Фулузоти нодири Тоҷикистон” ДУКнинг “Зари Суғд”корхонаси заминида мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштиришни амалга оширишга ҳисса қўшиш мақсадида таъсис этилди.
Тикувчилик цехида мактаб либослари, турли соҳа ходимлари учун махсус либослар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, маҳсулот сифатига эътибор янада кучайтирилган.
Тикув ва ишлаб чиқариш дастгоҳлари Туркия, Хитой ва Ўзбекистондан келтирилиб, жами сармоя ҳажми 2 миллион сомонийни ташкил қилади.
Тикувчилик цехи йилига 10 миллион сомонийлик маҳсулот ишлаб чиқариш, Бўстон шаҳри аҳолисини мактаб либосларига бўлган эҳтиёжини қондириб, Суғд вилоятининг бошқа минтақалари билан бу йўналишдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш салоҳиятига эга.
Корхона мутасаддилари буюртма асосида кўркам дизайндаги сифатли мактаб либосларини ишлаб чиқаришни режалаштирган.
“Фулузоти нодири Тоҷикистон” тикувчилик цехи икки минтақадан иборат. Биринчи минтақада мактаб ва иш кийимлари, иккинчи минтақада эса импорт ўрнини босувчи махсус кийимлар, жумладан, махсус ҳарбий кийимлар, кимёвий ҳимоя либослари, ҳарбий дала чодирлари, ҳарбий транспорт ёпқичлари ва ҳарбий штаб ёпқичлари ишлаб чиқарилади.
Цехда замонавий пардозлаш ва нусха кўчириш ускуналарининг ўрнатилиши пардозчилар ва дизайнерларнинг меҳнатини осонлаштиради.
Мазкур цехнинг махсус автоматик программалар билан жиҳозланган ва турли ўлчамдаги кўрпа-тўшакларни тайёрлаш учун 280 турдаги безакларни ўз ичига олган замонавий қурилмаларга эга эканлиги маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Корхона мутасаддилари тикувчилик цехи маҳсулотларини кўргазмага қўйдилар.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига эътиборни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ҳидоятлари асосида корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятлари босқичма-босқич ишга туширилиши ва бу орқали янги иш ўринлари яратилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми оширилиши кўзда тутилмоқда.
“Фулузоти нодири Тоҷикистон” давлат унитар корхонаси негизида янги ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш лойиҳаси тақдимоти чоғида давлат Раҳбарига маълум қилинишича, яқин йилларда 23 янги иш ўрнига эга спорт кийимлари ишлаб чиқариш цехи, 18 иш ўрнига эга тухум солиш учун қутилар ишлаб чиқариш тармоғи, 30 иш ўрнига эга кесиш чархлари ишлаб чиқариш цехи ва 15 иш ўрнига эга техник хизмат кўрсатиш нуқтаси ташкил этилади.