КОНИБОДОМ ШАҲРИГА САФАРНИНГ БОШЛАНИШИ ВА АБУЛҚОСИМ ЛОҲУТИЙ ҚИШЛОҚ ЖАМОАТИДА “ЗАНГЎЛА” БОЛАЛАР БОҒЧАСИНИНГ ОЧИЛИШИ

11 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси –Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқнинг турмуш шароити, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари билан танишиш, турли иншоотларни фойдаланишга топшириш, деҳқон хўжаликлари фаолиятини кўздан кечириш ва аҳоли билан суҳбат ва учрашувлар ўтказиш мақсадида Конибодом шаҳрига ташриф буюрди.
Дастлаб, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Конибодом шаҳри Абулқосим Лоҳутий номли қишлоқ жамоатида “Зангўла” 10- мактабгача таълим муассасасини фойдаланишга топширди.
“Зангўла” болалар боғчасининг янги биноси 150 нафар кичкинтойлар таълим ва тарбияси учун мўлжалланган бўлиб, маориф соҳасини ривожлантириш ва давлат Раҳбарининг дастур ва кўрсатмаларини амалга ошириш мақсадида бир йил ичида шаҳар давлат ҳокимияти ижроия органи ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан 3,5 миллион сомоний маблағ эвазига қурилиб, ишга туширилди.
Янги иншоот икки қаватли бўлиб, алоҳида ётоқ ва машғулот хоналари, ошхона ва тиббиёт нуқтасига эга.
“Зангўла” мактабгача таълим муассасасида тўрт гуруҳга бўлинган болаларнинг таълим-тарбия олишлари учун қулай имкониятлар муҳайё этилган бўлиб, уларнинг ўйин ва дам олишлари учун ҳам зарурий шароитлар яратилган. Жумладан, машғулот хоналари замонавий кўргазмали қуроллар ва жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, ички безаклар кичкинтойларнинг қизиқиш ва хоҳишларига мувофиқ амалга оширилган.