КОНИБОДОМ ШАҲРИ КУҲАНДИЁР ҚИШЛОҚ ЖАМОАТИ РОҲБАР ҚОСИМОВ НОМЛИ ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИГА ТАШРИФ ВА СУҒОРИШ ТАРМОҒИНИНГ ИШГА ТУШИРИЛИШИ

11 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Конибодом шаҳридаги Роҳбар Қосимов номли деҳқон хўжалигида суғориш тармоғини ишга тушириб, пахта ва бошқа турдаги такрорий қишлоқ хўжалиги экинларининг ривожланиши билан танишди.
Суғориш тармоғи Роҳбар Қосимов номли деҳқон хўжалигининг 20 гектардан ортиқ ер майдони ва унинг атрофидаги экин майдонларини суғориш учун мўлжалланган. Ушбу мавзеда сув артезиан қудуқларидан диаметри 100 миллиметрли қувурлар орқали чиқарилган. Қудуқнинг чуқурлиги 80 метр бўлиб, алоҳида электр тармоғи билан таъминланган. Роҳбар Қосимов номли деҳқон хўжалиги Куҳандиёр қишлоқ жамоатининг илғор хўжаликларидан бири бўлиб, 19 гектар суғориладиган экин майдонлари ва 15 гектар ерда ўрик боғларига эга. Боғнинг умумий майдонининг 7 гектаридан ортиғи ҳосилга кирган.
Жорий йилда деҳқонлар 10 гектар майдонга «Дӯстӣ» ва «Ориëӣ» пахта навларини экишди. Экиннинг бу тури ҳудуд иқлимига мослашган бўлиб, агротехника қоидаларига тўлиқ риоя қилинганда, 45 центнергача ҳосил олиш мумкин. Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга хўжаликнинг пахта майдонларида агротехника қоидаларига тўлиқ риоя қилинаётгани ҳақида маълумот берилди.
Сўнгра Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Конибодом шаҳри халқининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди. Деҳқонлар ва шаҳар аҳолиси ўзлари етиштирган ҳосил, жумладан, ғалла, дуккакли экинлар, сабзавот, полиз экинлари, техник экинлар, картошка, мевалар, асал ва бошқа ҳалол меҳнат билан қўлга киритган маҳсулотларини намойиш қилдилар.
Мамлакат Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон шаҳар аҳолисининг меҳнат ютуқларига юқори баҳо бериб, дала ишларини кучайтириш, экин майдонлари, боғ ва токзорларни кўпайтириш бугунги шароитда муҳим амал эканини таъкидлади.